Сабр луғатда “тўсмоқ”, “боғламоқ” демак. Истилоҳда эса нафсга хуш келувчи нарсаларни тарк этиш, қазо ва қадардаги ишларга исён қилмай бўйин эгиш, бало ва машаққат келганида шикоят қилмаслик маъноларини ифодалайди.

Сабр, умматнинг ижмоси билан фарз бўлиб, имоннинг ярми ҳисобланади. Қолган ярми эса шукрдир. Сабрнинг имондаги ўрни бошнинг вужуддаги ўрни каби. Жунайд Бағдодий мўминнинг зийнати имон, имоннинг зийнати ақл, ақлнинг зийнати сабр эканини баён этади.

Банданинг маънан юксалишигина эмас, дунё ҳаётида ҳузур ва саодат ичра яшаши учун ҳам сабр зарур. Биз кўпинча ўтмишни ўйлаб, “агар”, “кошки”лар билан вақт ўтказамиз. Хаё­лимизни ўғирлаб, бор диққатимизни тортиб, Ҳақдан узоқлашишимизга, тушкунликка тушиб ўйланиб ўтираверишимизга сабаб ўтмишдаги ҳар турли ишлардир. Бу хасталик ҳам сабр билан енгилади. Оқил киши ўтмиш ва келажак ҳақида қайғуга тушмайди, яшаётган лаҳзаларининг қимматини билади. Бу худди олма ўстираётган боғбоннинг юқоридаги гул ва мевалар қувватланиши учун ниҳол тагидан ўсиб чиққан шохларни кесиб ташлаши кабидир.

Ҳар турдаги илмни ўрганиш мумкин, лекин сабр бўлмаса, бу илмдан фойда йўқ. Яъни, илм билан сабр бир-биридан айрилмайдиган икки ҳамроҳ ёки руҳ билан жасад сингаридир.

Сиррий Сақатийдан сабр моҳияти ҳақида сўрашди. У киши жавоб бераётганида оёғини чаён чақа бошлади. Ҳазратнинг индамай ўтирганини кўриб: “Нега уни ўлдирмаяпсиз?” дейишди.

– Ҳам сабр ҳақида гапириб, ҳам чаён чақяпти деб фарёд чекишдан Аллоҳдан ҳаё қиламан, – деб айтди.

Сабр учга бўлинади. Аллоҳга ибодатларда сабр, гуноҳ қилмасликка сабр, Яратганнинг синови бўлган мусибатларга сабр. Бу саналганлардан биринчи ва иккинчиси банданинг ихтиёрига боғлиқ. Учинчиси эса ундай эмас.

Ҳадиси шарифда марҳамат қилинади: “Сабр уч (турли)дир. Мусибатларга сабр, тоатда сабр, гуноҳ қилмасликка сабр. Ким бало ўзидан кўтарилгунича чиройли сабр қилса, Аллоҳ таоло унга уч юз даража ёзади. Ким тоатда сабрли бўлса, Аллоҳ таоло унга олти юз даража ёзади. Ким маъсиятга қарши сабр қилса, Аллоҳ таоло унга тўққиз юз даража ёзади”.

Шунингдек, сабр моҳиятига кўра уч хил бўлади:

Фарз сабр. Аллоҳ таолонинг амрларига бўйсуниш, ҳаром қилганларидан тийилишдаги сабр ҳар бандага фарз;

Нафл сабр. Қилиниши макруҳ бўлган нарсаларга сабр қилиш;

Ҳаром сабр. Мусулмоннинг Аллоҳ таоло мукаррам этган моли, жони, номусига нисбатан тажовузга сабр қилиш ҳаромдир.

 

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 8 декабрда эълон қилинган  350 марта кўрилган