Рўзанинг бузилиши қуйидаги уч ҳолдан бирида содир бўлиши мумкин:

1. Эсдан чиқариш;

2. Хато қилиш;

3. Қасддан.

Рўза тутгани ёдида бўлмай еб-ичиб қўйган ёки уни бузадиган бошқа амалга қўл урган кишининг рўзаси бузилмайди. Агар рўзали экани эсига тушганидан сўнг рўзани бузувчи нарсани (масалан, еб-ичишни) давом эттирмаса. Давом эттирса, рўзаси бузилади ва каффорат лозим бўлади.

Рўза тутган киши хато қилса, масалан, таҳорат олаётганида сув томоғига кетиб қолса ёхуд қуёш ботмай туриб рўзасини очиб қўйса, рўзаси бузилади ва кейин шу кунги рўзасининг қазосини тутиши керак бўлади.

Рамазон рўзасини қасддан еб-ичиш ёки жимоъ қилиш сабабли бузган кишига каффорат лозим бўлади. Кетма-кет икки ой рўза тутиш рўза каффорати ҳисобланади. Бу муддат ичида бир кун бўлса ҳам рўзасини бузиб қўйса, бошқатдан икки ой рўза тутиши лозим. Бунга қурби етмаган киши олтмиш мискинни фитр садақаси миқдорида овқатлантириши ёки ҳар бирига унинг қийматини бериши керак.

Рўза тутган одам баданини ёғласа, сурма қўйса, қон олдирса, хотинини ўпса, тишлари орасида қолган нўхатдан кичик овқат қолдиқларини, тупуги ва сўлагини ютса, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда қусса, мисвок ишлатса, бурнини тортса, бирор нарсанинг таъмини кўриб, туфлаб ташласа, ғусл қилса, томоғига чанг, пашша ё тутун кирса, рўзаси очилмайди. Аммо ўзи тутунни сўриб ютса, қандай тутун бўлишидан қатъи назар, рўзаси очилади.

Рўзали киши ҳуқна (клизма) қилдирса, қулоғи ё бурнига томизган дори қорни ёки димоғига етса, ўзини зўрлаб, оғзини тўлдириб қусса, оғзига ёмғир ё қор кирса, аёлини қучиб ўпганида маний чиқса, рўзаси очилади ва қазоси вожиб бўлади.

Қазо ва каффорат рўзаларига ҳам кечаси ният қилинади. Бунда субҳдан кейин қилинган ният инобатга олинмайди.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 6 декабрда эълон қилинган  194 марта кўрилган