(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўранглар. Дарҳақиқат, у (намоз) оғирдир. Фақат хушуъ қилувчиларга (оғир) эмас” (Бақара, 45).

Оятдаги “сабр”нинг маъноси, Имом Қуртубийга кўра, сақламоқ, тўхтатиб қолмоқ, халал бермоқдир. “Нафсимни бир нарсага қарши сабр қилдим”, дейилганда, “ўзимни ўша нарсадан тийдим, сақладим”, дегани бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзининг китобида итоатда бардавом бўлиш ва амрларига хилоф қилишдан узоқ туриш орқали сабр қилишга буюради. “Фалон киши маъсиятлардан сабр қилди”, дейилади. Маъсиятлардан сабр қилдими, тоатга ҳам сабр қилди, демакдир. Бу хусусда энг тўғри сўз будир. Наҳҳос айтади: “Мусибатларга сабр қиладиган кишига сабр қилувчи дейилмайди, балки у ўша нарсага сабр қилди, ибораси қўлланади. Агар умумий маънода “сабр қилувчи” таъбири қўлланса, уни айтиб ўтганимиз изоҳга кўра тушуниш керак”. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: «Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур» (Зумар, 10).

Парвардигоримиз “сабр ва намоз ила” ояти каримаси билан бошқа ибодатлар орасида намозни алоҳида зикр қилган. Зеро, Қуртубий тафсирида келтирилишича,Пайғамбаримиз (а.с.) ҳам бирор нарсадан қаттиқ ранжисалар, дарҳол намозга суянардилар (яъни намоз билан хотиржам тортардилар) (Аҳмад ривояти). Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) сафарга кетаётганида унга укаси Қусамнинг, бошқа бир ривоятда қизининг ўлими ҳақида хабар келди. Ибн Аббос дарров истиржоъ келтирди (“инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, деди), сўнгра йўл четига ўтиб намоз ўқиди ва ортидан (Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўранглар”, оятини ўқиди. Бу ривоятдан маълум бўладики, оятда барча биладиган, шариатдаги намоз ҳақида сўз бормоқда. Аммо бошқалар намознинг луғатдаги маъносини назарда тутиб, оятда дуо қилиш маъносида келганини айтадилар. Бу таъвилга кўра, оят Анфол сурасининг мана бу оятига ўхшаш маънони беради: “...Бирор тўдага тўқнаш келсангиз, сабот (ва матонат) билан туринг ва Аллоҳни кўп ёд этинг...” (45).  Чунки сабот бу сабр, зикр эса дуо деганидир.

Учинчи хил фикр Мужоҳидга тегишли. Унга кўра, оятдаги сабрдан мурод рўзадир. Шунинг учун ҳам рамазонни сабр ойи дейилади. Бу фикрга биноан ояти каримада намоз ва рўза ўзаро мутаносиб бўлгани учун ҳам бирга зикр қилинган. Зеро, рўза шаҳватлардан тўсади ва зуҳдни орттиради. Намоз ҳам ёмон ва бузуқ ишлардан қайтаради, киши қалбига хушуъ солади ҳамда намозда Аллоҳ таоло ва охиратни эслатадиган оятлар ўқилади.

Имом Фахриддин Розий ҳам шу фикрга қўшилади. Унинг айтишича, рўзадор одам очлик ва чанқоқликка сабрли бўлади. Нафсини, меъдасини ва фаржини шаҳватидан сақланган кимсадан дунё ғами, дил хиралиги узоқ бўлади. Бунга намоз қўшилгач, қалб Аллоҳ таолони таниш (маърифатуллоҳ) билан мунаввар тортади. Аллоҳ таоло рўзани намоздан олдин зикр қилган. Чунки рўзанинг таъсири нолойиқ нарсаларни кетказиш бўлса, намознинг таъсирида лойиқ нарсалар юзага келади. Зеро, қоидага кўра, керакли нарсаларни юзага келтиришдан олдин кераксизларини кетказиш лозим бўлади.

Азият-озорларга сабр  қилиш нафсга қарши жиҳод қилиш, унинг орзу-ҳавасларидан узоқ туриш бўлиб, у пайғамбарлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидан. Яҳё ибн Ямон айтади: “Сабр Аллоҳ таолонинг сенга ризқ қилиб берган ҳолдан бошқасини истамаслигинг ва Аллоҳ таоло дунёйинг ва охиратингга оид ишларларда сенинг учун ҳукм қилган нарсага рози бўлишингдир”.

Сабр шундай улуғ фазилатки, унинг охири ҳилмдир. Киши сабрни ўз фазилатига айлантириши билан хулқи ҳам мулойимлашиб боради. Аллоҳ таолонинг “Ас-Сабур” исми ҳам шунга далолат қилади.

Шаъбий дейди: «Али (р.а.) айтганлар: “Сабр имон учун танадаги бош каби зарурдир».

“Дарҳақиқат, у (намоз) оғирдир”. Муфассирлар оятдаги “у”дан мақсад намозми ёки сабрми, деган масалада турли фикрларни илгари суришган. Баъзиларга кўра, “у”дан мақсад намоздир. Зеро, нафс учун намоз ўқиш рўза тутишдан кўра оғир келади. Чунки рўзада фақат орзу ва шаҳватлардан тийилиш буюрилган. Яъни, рўзадорга ейиш-ичиш ва жинсий муносабат таъқиқланган. Бундан бошқа гаплашиш, юриш-туриш каби эҳтиёжлардан истаганича фойдаланиши мумкин. Намоз ўқиётган кишига бўлса, буларнинг биронтаси мумкин эмас. Намозда барча аъзолар бутун орзу ва шаҳватлардан тўсилади. Шундай бўлгач, намоз нафсга оғирроқ туюлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “Дарҳақиқат, у (намоз) оғирдир”, дея марҳамат қилган.

Бошқа тафсирчиларга кўра, оят “у” дейилганда намоз ҳам, сабр ҳам кўзда тутилган. Аммо биринчи фикр ҳақиқатга яқиндир.

Бундан фақатгина хушуъ қилувчилар истисно этилган. “Фақат хушуъ қилувчиларга (оғир) эмас”. Яъни, улардан бошқаларига оғир келади. Маъоний олимлари айтадилар: «Азалда Аллоҳ таоло томонидан танланган ва ҳидоят берилган кимсалардан бошқаларга бу оғир келади”, демакдир».

Аллоҳ таолонинг бу оятидаги “хошиъун” сўзи тавозели, камтарин маъноларини билдирувчи “хошиъ” сўзининг кўплигидир. Хушуъ – бир қисм аъзоларда сокинлик ва тавозелилик шаклида юзага чиқадиган нафсий ҳолат. Қатода айтади: “Хушуъ қалбда бўлади. Намоздаги хушуъ эса қўрқиш ҳамда ўнгу сўлга қарашдан тийилишдир”.

Иброҳим Нахаъий Аъмашга деди: “Шуни билки, хушуъ қаттиқ-қуруқ нарсалар ейиш, қалин  ва дағал кийимлар кийиш, бошини олдинга эгиб юриш эмас. Хушуъ шарафли кишини ҳам, оддий кимсани ҳам ҳақиқат юзасидан тенг кўришдир. Аллоҳ сенга буюрган барча фарзларда итоат қилишингдир”.

Умар ибн Хаттоб (р.а.) бошини қуйи солиб кетаётган ёш йигитга: “Эй фалончи, бошингни кўтар, чунки хушуъ қалбдагидан бошқа нарса эмас”, деди.

Али ибн Абу Толиб (р.а.) айтади: “Хушуъ қалбда бўлиб, мусулмонларга юмшоқ муомала қилиш, намозда ўнгу сўлга қарамасликдир”.

Имом Фахриддин Розий айтади: “Оятдан мурод шуки, намоз хушуъ қилмаган кимсаларга жуда оғир келади. Чунки намоз ўқиганда бирор савобга, уни тарки қилгандан эса қандайдир жазога лойиқ бўлишига ишонмагани учун унга бу иш машаққат бўлиб туюлади. Аммо бу ибодат намоз ўқишдан фойда бисёрлиги, ўқимаслик эса катта зарар эканига ишончи бўлгани учун қалби хушуъга тўла итоатлиларга оғир келмайди. Зеро улар ўқиш билан савоб, абадий неъматларга эга бўлишига ишонишади”.

 

Имом Қуртубий ва Имом Фахриддин Розий

тафсирлари асосида тайёрланди.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 3 декабрда эълон қилинган  52 марта кўрилган