Барчамиз мамлакатимизда деярли ҳамма соҳаларда бошлаб қўйилган ислоҳотлар, муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида наинки изчил давом этаётгани, балки илгари фақат орзу қилиш мумкин бўлган баланд даражаларга кўтарилаётганининг шоҳиди бўлиб турибмиз.

“Бош Вазирнинг виртуал қабулхонаси” шаклида бошланган халқнинг дардига қулоқ солиш, муаммосини тез ва ижобий ҳал этиш амалиёти кейинчалик Президентнинг виртуал қабулхонаси даражасига юксалди ва бутун республика бўйлаб Халқ қабулхоналари очилди. Эндиликда энг чекка туман аҳолиси ҳам ўзини қийнаётган муаммосига ўша ернинг ўзидаёқ ечим топиши имконияти яратилди. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир ҳамюртимиз ўзининг озод ватаннинг эркин фуқароси эканини ич-ичидан ҳис этмоқда. Зеро, энди унинг арзини шахсан давлат раҳбари тингламоқда, муаммосини ҳал қилиб бермоқда. “Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”, деган Президентимиз қўл остидаги раҳбарларга аввало шу халқни миннатдор қилишни бот-бот таъкидламоқда. Бу ишларда аввало Юртбошимизнинг ўзи намуна бўлмоқда.

Мамлакатимиз Президенти халқнинг ҳаёти, ислоҳотларнинг бориши ва бу борада қабул қилинаётган фармону қарорлар ижросини бевосита кузатиш мақсадида бутун юртимиз бўйлаб сафарлар қилаётгани, албатта, таҳсинга сазовордир. Қадимдан халқимизда: “Подшонинг қадами етган жойга Аллоҳ таолонинг баракоти ёғилади”, деган ҳикмат бор. Ҳақиқатда, Юртбошимиз қайси вилоятга бормасин, у ерда ташрифга алоҳида тайёргарлик кўрилади, кўчалар, бозору гузарлар обод қилинади ва йўллар таъмирланади. Бундан ташқари, Муҳтарам Президентимиз ўзи истаган жойга бориб, у ераги ҳақиқий аҳвол билан танишади. Якунда эса ҳудуддаги ривожи оқсаб қолган соҳаларнинг оёққа туриши ва энг муҳими, у ердаги маънавий муҳитни янада соғломлаштириш учун зарур тавсиялар, топшириқлар беради, ижросини шахсан назорат қилади. Мана шу қои­да асосида ҳаракат қилинаётгани боис ҳозирда, минг шукрки, ишлар анча тартибга келиб қолди.

Энди деярли ҳар куни иқтисоднинг ривожига, жамият фаровонлига ва энг муҳими халқининг мамнуниятига сазовор бўладиган фармонлар, қарорлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида хушхабар эшитиш мумкин бўлиб қолди.

Биргина диний соҳани оладиган бўлсак, “Имом Бухорий”, “Имом Термизий” халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди, Бухородаги “Мир Араб” мадрасасини “Олий мадраса”га айлантириш лойиҳаси устида ишланяпти, янги-янги масжид­лар қурилмоқда...

Ҳар қандай ишни бошлашдан олдин режа тузиш, унинг истиқболи ҳақида пухта ўйлаш ўша ишнинг мувафақияти гаровидир. Шу маънода, 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Юртимиздагина эмас, балки хорижда ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинган бу истиқболий режалар мажмуи ўз якунида мамлакатимизни ҳар соҳада халқаро майдонда етакчи ўринларга олиб чиқади, иншааллоҳ.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, бу режаларни амалга ошириш барчага бирдек масъулият юклайди, яъни бунда ҳамманинг ўз вазифаси бор. Шундай экан, қалбида заррача имони, инсофи, юртига меҳри бор одам бефарқ бўлмайди, балки зиммасига тушган вазифасини сидқидилдан адо этади, қўлидан келганича ҳисса қўшишга ҳаракат қилади. Ана шундагина маррага осон етилади. Кўзланган марра эса, шубҳасиз порлоқдир.

Аллоҳ таоло жаннатмонанд юртимизни паноҳида асрасин, бўлаётган бу ўзгаришларни мамлакатимиз ва халқимиз учун муборак қилсин, ушбу хайрли ишларнинг бошида турган диний ва дунёвий раҳбарларимизни Ўзи қўлласин.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 1 декабрда эълон қилинган  211 марта кўрилган