Қуръони каримда муҳсинлар (эзгу иш қилувчилар)нинг хислатлари бундай баён қилинади:

1. Ер юзида фитна-фасод чиқармайдилар. “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилманг! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилинг! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф, 56).

2. Аллоҳ йўлида дуч келадиган ҳар қандай қийинчиликка чидайдилар. “Мадина аҳолиси ва уларнинг теварагидаги аъробийлар учун Аллоҳнинг Расулидан қолишлари ва ундан кечиб, ўзлари билан машғул бўлишлари жоиз эмас эди. Бунинг боиси – уларга Аллоҳ йўлида бирор ташналик, қийинчилик, очлик етса ва кофирларнинг жаҳлини чиқарадиган қадам боссалар, душманга бирор мусибат етказсалар, албатта, уларга шу сабабли яхши амал ёзилур. Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчилар мукофотини зое қилмагай” (Тавба, 120).

3. Сабрлидирлар. «Сабр қилинг! Бас, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар мукофотини зое қилмагай» (Ҳуд, 115).

4. Кўп-кўп ибодат ва дуо қиладилар. “Парвардигорлари уларга ато этган нарсаларни (мукофотларни) олган ҳолларида (бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (дунёда) эзгу ишларни қилувчи эдилар. (Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар” (Зориёт, 16–18).

5. Ўзларини Аллоҳга бағишлайдилар. “Йўқ! Кимки юзини (ўзини) Аллоҳга бўйсундирса, Рабби ҳузурида унга ажр муҳайё. Уларга (охиратда) хавф  йўқ ва улар (бирор нарса учун) ташвиш ҳам чекмайдилар” (Бақара, 112).

6. Тақводордирлар. “Ростликни келтирган зот (Муҳаммад) ва уни тасдиқ этганлар (мўминлар) – айнан ўшалар тақволи зотлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (жаннатда) хоҳлаган нарсалари бордир. Бу эзгу иш қилувчи кишиларнинг мукофотидир” (Зумар, 33–34).

7. Намоз ўқийдилар, закот берадилар, охиратга қатъий ишонадилар. “Ушбулар ҳикматли Китоб оятларидир, эзгу амал қилувчилар учун ҳидоят ва раҳмат (манбаи экани) жиҳатидан. Улар намозни баркамол адо этадилар, закотни (ўз жойига) берадилар ва охиратга аниқ ишонадилар” (Луқмон, 2–4).

Манбалар асосида тайёрланди.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 12 октябрда эълон қилинган  44 марта кўрилган