Эҳсон, мўминнинг фақат намоз каби масалаларда амал қилиши зарур бўлган масъулияти эмас, балки сўз ва ҳаракатларидаги гўзаллигидир. Эҳсон бошқа маънолари билан бирга, сўз, мантиқ, виждон ва хатти-ҳаракатларни чиройли қилиш мазмунида келади.

1. Гапиришда эҳсон. “Бандаларимга айтинг (ширк аҳлига) гўзал (сўзлардан) сўзласинлар” (Исро, 53). Гўзал сўз тўғри, фойдали, қувонтирувчи ва суҳбатдош савиясига муносиб сўздир. Қуръони каримда мўминларнинг фойдасиз, бекорчи гапдан узоқ бўлиши айтилади: “Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида  ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар” (Мўминун, 1–3).

Гўзал сўз ҳақ йўлга чақирувчи, солиҳ амаллар эгаси ва “мен мусулмонман” деган кишининг сўзидир: «Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, “Мен мусулмонлардандирман”, деган кишидан кўра ким чиройлироқ сўзловчидир?!» (Фуссилат, 33).

Сўзда эҳсон садақа бериш билан баробар: “Ширин сўз садақадир” (Имом Муслим, Имом Термизий).

2. Тортишув ва баҳс-мунозарада эҳсон. «Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилинг, илло, уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар...» (Анкабут, 46).

3. Саломлашишда эҳсон. “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинг ёки ўша (ибора)ни қайтаринг...” (Нисо, 86).

4. Ёмонликлар қаршисида эҳсон.Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур(Фуссилат, 34); «Парвардигорларининг “юзини” истаб, (турли машаққатларга) сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир» (Раъд, 22).

5. Ҳаққа чақиришда эҳсон. (Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..” (Наҳл, 125); «Иккингиз Фиръавннинг олдига боринг, чунки у (“Мен – худоман”), деб ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтинг! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса» (Тоҳо, 44).

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 7 октябрда эълон қилинган  143 марта кўрилган