Калифорния университети Математика бўлими талабаси Жорж Данциг ҳикоя қилади: «Ҳар галгидек синфга кирдим ва доскага ёзилган иккита мисолни уй вазифаси деб ўйлаб дафтаримга кўчирдим. Ўша оқшом бош қотириб ўтирарканман, бу мисоллар профессорнинг бугунгача берган топшириқлари ичида энг қийини эканини кўрдим. Ҳар кеча икки мисол устида соатлаб ишлайвердим. Бир оқшом миямда худди чақмоқ чаққандек бўлди. Мисолларнинг жавобини топгандим! Эртасига ечимларни олиб бориб, профессорнинг столига қўйдим. У ерда қоғозлар шунчалик кўп эдики, менинг жавобларим улар орасида йўқ бўлиб кетса, ҳайратланмасдим.

Орадан олти ҳафта ўтди. Дам олиш куни эшигимнинг қаттиқ тақиллашидан чўчиб уйғондим. Югуриб бориб очдим. Остонада профессор турар, ҳаяжонланганча: “Жорж! Жорж!” деб бақирарди. “Масалани ечибсан!” деди профессор. “Ечмаслигим керакмиди?” ҳайронлик билан сўрадим. Бироз нафасини ростлаб олган профессор тушунтириб берди. Айтишича, ўша куни мен доскадан кўчириб олган иккита мисол уй вазифаси бўлмаган. Дунёнинг пешқадам математиклари бугунгача жавоб тополмаган машҳур масала экан. Бир неча кун ичида икковига ҳам ечим топганимга ҳануз ишонолмасди. Ўзим ҳам ҳайратда эдим. Агар ўша пайтда кимдир менга бу мисоллар ечими топилмаётган энг қийин математик муаммо эканини айтганида, балки, уларга жавоб топишга уринмасдим ҳам».

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 7 октябрда эълон қилинган  168 марта кўрилган