Муҳаббат қалбнинг маҳбубга майлидир. Муҳаббат – кўнгил иши, зоҳирий аъзоларнинг иши эмас. Оила эр-хотин ўртасидаги муҳаббат ва майлга асослангандагина бахтли ва мустаҳкам бўлади.

Кўриш муҳаббат калитидир. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в.) уйланмоқчи бўлган йигитни бўлажак қаллиғини кўришга ундадилар: «Мен, – дейди Муғира ибн Шўъба, – бир аёлга совчи қўйган эдим. “Уни кўрдингми?” деб сўрадилар Пайғамбаримиз. “Йўқ”, дедим. “Уни кўргин. Зеро, кўриш ўрталарингда майл пайдо қилади”, дедилар у зот» (Насаий ривояти).

Кўп кишиларнинг, хусусан, ёшларнинг муҳаббат ҳақида сўзлашдан тортинишларини биламиз. Кўплар бу ҳақда гапиришни ҳатто, ҳаром деб ўйлайди. Шунинг учун бу мавзу қаршисида гуноҳ ҳиссини туйишади, ўзларини гуноҳкор ҳисоблашади. Агар қалби бировга мойил бўлгудек бўлса, гуноҳ қилгандай туюлади.

Ҳақиқатда уларнинг муҳаббат ва муҳаббатдан унадиган эр-хотин ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги тушунчалари аралашдир. Муҳаббат шиори остида қонунсиз алоқа қиладиган, бирга ўтирадиган, тунларни бедор ўтказадиган, ўйин-кулгу қиладиган, ичадиган ва ҳатто зино қиладиган бузуқ эр ва аёлларни кўрганлар муҳаббатни гуноҳ деб ҳисоблашади. Зеро, улар муҳаббат фақат шунақа ишларга олиб келади, деб ўйлашади. Аслида эса ундай эмас. Бутунлай аксидир. Эркакнинг аёлга ва аёлнинг эркакка майл қилиши нафс истакларидан бири. Аллоҳ таоло инсон қалбини у билан банд қилган. Оли Имрон сураси 14-оятининг мазмуни бундай: «Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди...».

Инсон қалбини бу истакларга мойил ва унга банд қилган Зот Аллоҳ зулжалолдир. Инсон уларга қаттиқ муҳаббат қўяди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Дунёингиздан мен учун аёллар, хушбўйликлар суюклидир. Кўзим қувончи намоздадир», деганлар (Аҳмад ва Насоий ривояти). Эрнинг аёлга ва аёлнинг эрга муҳаббати бўлмаганида, уйланиш ҳам, зурриёт ҳам, оила ҳам бўлмас эди. Аммо Аллоҳ таоло эркакка аёлни, аёлга эркакни ўрталарида ҳаром алоқалар юзага келиши учун эмас, балки қонуний эр-хотинлик алоқалари юзага келиши учун бирини-бирига суюкли қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Севишганлар учун никоҳдек мақсадга мувофиқ нарса йўқ» (Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло мусулмонларга бузуқ йўллардан сақланиш учун аввало кўзни тийишни буюрди. Зеро, кўриш қалб калитидир. Хато ва бузуқликка олиб борувчи барча йўлларни, бегона аёл билан ёлғиз қолиш, тақалиб туриш, қўл олишиш, аёл ва эркакларнинг ўзаро ўпишиши каби йўлларни ҳаром қилди. Бу ишлар қалб майлига сабабдир. Қалб майл қилгач, нафсни жиловлаш ўта мушкул бўлади. Аллоҳ таоло раҳм қилганларгина ўзларини тийиб қолишлари мумкин.

Инсон қалб майли учун гуноҳкор бўлмайди. Аммо қалб майлининг боиси ҳаром бўлса, ундан сўнг келадиган ҳаром ишлари учун гуноҳкор бўлади. Аммо пок, танҳо севги учун гуноҳ йўқ балки савоб бор. Суютий каби баъзи уламолар бундай дейишган: «Севгисини яширган иффатли ошиқ ажр олади».

Турли бахтсизикларга дуч айлайдиган муҳаббат тузоғидан қалбни асрашнинг энг яхши йўли унинг барча боисларига яқинлашмасликдир. Фақат озчилик одамларгина бунга муваффақ бўладилар.

Инсоннинг ўз ҳаққига бошқанинг шерик бўлишини ёмон кўриши рашкдир. Рашк муҳаббатдан келиб чиқади. Киши яхши кўрганини рашк қилади. Рашк эркакка ҳам, аёлга ҳам бирдай яхши сифат ва олий ҳислат ҳисобланади.

Шубҳасиз, аёл рашк қилади. Эри унинг устига хотин олмоқчи бўлса, қаттиқ ғазабланади. Бу табиий ҳол. У эрига танҳо ўзи эгалик қилишни истайди. Зеро, уни севади. Севмаса эди, парво қилмасди.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига жаннатда ато этадиган ҳуринлар хусусида мусулмон аёлларга шу гапларни айтамиз: мусулмон аёлнинг рашк қилиб, мўминлар учун жаннатда ҳуринлар борлигини инкор қилиши ё ёқтирмаслиги мумкин эмас. Чунки у, биринчидан, эри билан жаннатда бирга бўлиши ё бўлмаслигини билмайди. Иккинчидан, жаннатда, дунёда бўлганидек, рашк бўлмайди. Учинчидан, Аллоҳ таоло жаннатда аёлларга ҳам, биз тафсилотини билмайдиган, уларни рози этадиган неъматлар ато қилади. Кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсон хотирига келмаган неъматлар бор жаннатда: «Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас» (Сажда, 17).

Мўмин ва мўминалар кўнгиллари тусаган нарсани жаннатда топадилар ва тўла рози бўладилар. Улар жаннат неъматлари ва Аллоҳ таоло раҳматига етиш учун яхши амал қилишлари зарур.

Эркак ақли ва номусини ҳимоя қилиши керак, бу унга вожибдир. Номус ва шарафни рашк этиш – эркак бурчи. Бу рашк оилада Аллоҳ рози бўлмаган нарсанинг бўлишга йўл қўймайди.

“Эр-хотинлик асослари”дан

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 4 октябрда эълон қилинган  193 марта кўрилган