октябр 03

Ислом уламолари ўзини олим кўрсатишга уринадиган шахслар бўлмайди, бу ҳақиқатни уммат учун қилаётган хизматлари намоён қилиб туради. Бу хизматлари учун тарихдан бугунга қадар турли савиядаги жоҳиллар томонидан маломатга учраб келишгани ҳам бор гап. Лекин буларни эътиборсиз қолдиришган, жоҳил билан тенглашишни ўзларига эп кўришмаган. Ислом дини қиёматга қадар инсоният саодатига кафил бўла оладиган илоҳий таълимот бўлгач, ҳар ким ҳам ўзини олим эълон қилавериши маъқул бўлмайди. Тўғрироғи, ҳар қандай кишини оят ва ҳадис айтишига қараб олим экан, дейилавермайди! Ислом олими бўлиш ва ислом номидан гапириш ҳуқуқига эгалик учун киши тартибли равишда, ишончли силсилага эга бўлган уламолар қўлида таҳсил олиши лозим. Динни саҳифаларнинг ўзидан ўрганган одамнинг билгани ўзига, лекин бошқаларга дин айнан шу, дея гапини ўтказишга уриниши тўғри бўлмайди. Зотан, исломий билимлар шахсий изланишлар орқали ўзлаштирилмайди. Агар шундай бўлганида эди, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ўзини тушириб қўя қолар, Пайғамбар (а.с.)ни юбормас эди. У зот ҳам вақт сарфлаб саҳобаларга диннинг асосларини айтиб ўтирмас: “Қуръонни ўқиб, шундан ўзларинг хулоса чиқараверинглар”, деган бўлардилар. У зот (а.с.)дан кейинги саҳобаи киромлар ва уламолар ҳам динни тартибли равишда, устоздан ўрганиш зарурлигини қайта-қайта таъкидламас эдилар.

Бугунги кунда бир беморни амалиёт ётоғига ётқизган шаҳодатсиз шифокор, ишни муваффақиятли якунласа-да, жиноий жавобгарликка тортилади. Тўғрими? Мажлисларда, ижтимоий тармоқлардаги суҳбатларда бирор соҳада баҳс кўтарилса, ўша соҳа мутахассисларидан бошқаларнинг аралашганини кам кузатамиз. Лекин ДИН, ИСЛОМ, ШАРИАТ борасида сўз очилса, ким бўлишидан қатъи назар, одамларнинг “олимлик” қилаверишига нима дейиш мумкин?! Ахир табиб хато қилса, беморнинг ҳаёти барбод бўлади. Бироқ Ислом номидан гапираётган киши мутахассис бўлмаса ва хато қилса, унинг гапини олган киши икки дунёсини бой бериши мумкин! Наҳотки шундай қилаётганлар, динимиз номидан “менимча”, “балки”, “ўйлашимча” деб алжираётганлар бу иш ўта хатарли эканини билишмаса, ҳис этишмаса?!

Муҳаммад ибн Сийрин айтади: “Албатта, илм диндир. Шундай экан, динингизни кимдан олаётганингизга қаранг”. Яъни, ким нима деса, шу дин экан деб эргашиб кетаверманг, балки гапираётган шахснинг кимлигига қараб қўйинг.

Абдуллоҳ ибн Муборак айтади: “Ҳадисдаги санад (яъни, фалончи пистончидан ривоят қилган, деб номма-ном зикр қилиш) диндандир. Агар санад бўлмаса, хоҳлаган киши хоҳлаган нарсасини айтаверади... Биз билан қавм орасида тиргак, яъни санадлар бордир”.

Абу Ақилдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)нинг фарзандидан бир нарса ҳақида сўралди, бу борада унинг маълумоти йўқ эди. Яҳё ибн Саид: “Сендек кишидан бир нарса сўралса-ю, у ҳақида илминг йўқлигини оғир иш деб биламан. Ахир, ҳидоятга бошловчи икки имом – Умар ва Ибн Умарнинг ўғлисан-ку”, деди. У киши: “Аллоҳга қасам, Аллоҳ ҳузурида ва Аллоҳ тарафидан илм берилган киши ҳузурида илмсиз ҳолда гапиришим ёки ишончсиз кишидан хабар беришим бунданда оғирроқдир!” деб айтди» (Имом Муслим).

Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисда Набий (с.а.в.): “Агар иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер”, деганлар (Имом Бухорий).

Хулоса қилиб айтганда, ҳар ким ўз ишини қилгани маъқул. Кишининг билмаганини “билмайман”, дейиши фазилат! Айниқса, ислом дини бўйича мутахассис бўлмаганларнинг фатво айтишига чек қўйиш лозим. Бугунги кундаги ихтилофларнинг аксарияти айнан шу туфайлидир!

Аллоҳ таоло Ўзи ислоҳ қилсин!

Аброр Мухтор Али

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 3 октябрда эълон қилинган  140 марта кўрилган