Ота-онага. Қуръони карим оятларида Аллоҳ таолога ибодат қилиш, Унга шерик қўшмаслик амридан кейин ота-онага итоат ва уларга яхшилик қилиш буюрилади (Исро, 23). Яна бир ояти каримада эса ота-онага итоатни тарк этиш ҳаромлар орасида саналади (Анъом, 151). Булардан ота-онага эҳсон-яхшилик фарз, уни тарк қилиш ҳаромлиги аён бўлади.
Ота-онага эҳсон ширин сўз, чиройли муомала, бир нарсага эҳтиёж сезишганида керагича инфоқ қилишдир. Улар учун мағфират тилаш, дуо қилиш Қуръони каримнинг амри: “Эй Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим, 41).
 
Қариндошларга. Силаи раҳмни узмаслик, вақти-вақти билан зиёрат қилиб туриш ва бошқа машруъ йўллар орқали икром кўрсатиш қариндошларга эҳсондир. Бу, аслида, динимизнинг буйруғи: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради...” (Наҳл, 90); “Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқинг!..” (Нисо, 1). Мазкур ришталарни узиш ояти каримада ер юзида бузғунчилик қилиш қаторида зикр этилади: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта” (Муҳаммад, 22).
 
Етимларга. Расулуллоҳ (с.а.в.) кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилиб: “Мен ва бир етимни боқишни зиммасига олган киши билан жаннатда шундай (бирга)миз”, дедилар (Муттафақун алайҳ). Ҳадиси шарифдан етимни паноҳига олиб, яхшилик қилишнинг қай даражада аҳамиятли экани маълум бўлади.
 
Фақир ва мискинга. Ишлаб, ҳаракат қилса ҳам, маълум сабаблар билан оиласини таъминлай олмайдиган одам фақир; мискин эса ишлашга кучи ва тоқати етмайдиган муҳтож кишидир. Бу ҳолат Қуръони каримда бундай баён қилинади: “(Садақа ва эҳсонлар) Аллоҳ йўлида (жанг билан) банд бўлиб, (тижорат учун) сафарга чиқа олмайдиган, иффатлари (тортинчоқликлари) сабабли билмаган одам бой деб гумон қиладиган фақирлар учундир. Уларнинг (фақир эканликларини) сиймоларидан (ташқи кўринишдаги белгиларидан) билиб оласиз. (Улар) одамлардан қаттиқ туриб олиб тиланмайдилар. Қилган хайр-эҳсонингизни Аллоҳ билиб турувчидир” (Бақара, 273).
Фақир ва мискинга закотдан ташқари ҳам ёрдам қилиш буюрилган қатор оятлар бор. Исломда ҳар нарсанинг ҳақиқий эгаси Аллоҳдир. Бунга имон келтирган оқил мусулмон ўзидан кўра муҳтож бўлган кишиларга эҳсон қилишни бурчи деб билади.
 
Қўшнига. Яқин ёки узоқдаги қўшнига моддий-маънавий икром кўрсатиш ҳам эҳсон бўлиб, илоҳий амрдир: “...Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)!..” (Нисо, 36); “Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган киши қўшнисини икром этсин” (Имом Муслим). Қўшнига яхшиликнинг энг паст даражаси биздан уларга озор етмаслигидир.
 
Ҳамроҳга. Нисо сураси 36-оятдаги “ёнингиздаги ҳамроҳ”дан мурод ўқиш-ўрганиш, иш, сафар каби хайрли ишлардаги йўлдошдир. Эр-хотинлик ҳам шунга киради.
Асҳоби киром Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳамроҳ-дўстлари ҳам эди. Пайғамбаримиз (а.с.)нинг уларга қандай муомала қилганлари ҳақида Қуръони карим хабар беради: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...” (Оли Имрон, 159).
Оятда баён қилинган ҳамроҳларга мулойимлик, уларга нисбатан қўпол бўлмаслик, кечиримлилик, кенгашиб иш қилиш эҳсон намуналаридир. Ҳамроҳларга эҳсон Пайғамбар (а.с.)нинг саҳобаларига муносабатларидан ўрнак олиш билан бўлади.
 
Йўловчига. Йўловчига эҳсон кўрсатиш ҳам динимиз буйруқларидан. Маълум оятдаги “ибнис-сабил” йўловчи ва меҳмон деб тафсир қилинади.
 
Қул, жория ва ишчи, хизматкорларга. Одамлар қўл остидаги кишиларга яхши муносабатда бўлишга, озодлик учун имкон беришга, яъни, уларга эҳсон қилишга мажбур. Қулларга биродардек муносабатда бўлишни буюрган динимиз ишчи, хизматкорларга янада эътибор беради – пешона тери қуримасидан маошларини тўлашга амр этади.
 
Атрофдаги одамларга. Ҳадиси шарифда бир мўминнинг имони комил бўлиши ўзига раво кўрган яхшиликни биродарига ҳам илинишига боғланади. Яна бир ҳадисда эса мусулмонларнинг бир-бирларидаги ҳақлари қуйидагича саналади: саломига алик олиш, касал бўлса, зиёрат қилиш, жанозасида иштирок этиш, таклифини қабул қилиш, аксириб “алҳамдулиллаҳ” деганида “ярҳамукаллоҳ” дейиш (Имом Термизий). Булар бир мусулмоннинг бошқаси олдидаги бурчи ва айни пайтда, эҳсонидир.
 
Бошқа барча мавжудотларга. Динимиз ҳайвонларни қийнашдан, уларга озор беришдан қайтаради, жами ҳайвонот, наботот оламига яхши муомала қилишга буюради. Ҳадиси шарифда ҳар бир борлиққа яхшилик қилишда савоб борлиги айтилади (Имом Бухорий). Шунга кўра, ҳайвон боқадиганлар жониворларни едириш, ичириш, парваришлашга масъул. Агар буни қилолмаса, ҳайвонларини бошқасига боқтиришга, сотишга ёки гўшти ейилса, сўйишга мажбурдир.
 
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 27 сентябрда эълон қилинган  156 марта кўрилган