сентябр 23
“Кучукчалар сотилади”. Эълонни кўрган кичкина бола дўконга кирди ва кучукчаларнинг нархини сўради. Дўкон эгаси жавоб берди:
– Ўзига қараб, 30 доллардан 50 долларгача.
– Менда 2 доллару 37 цент бор, – деди бола афсусли оҳангда. Кейин тортинибгина деди: – Битта кўрсам, майлими?
Дўкон эгаси кулимсиради ва ичкарига қараб ҳуштак чалди. Бирпасда бешта кучукча чиқиб келди. Ҳаммаси алпонг-талпонг қилиб эгаларининг олдига чопишди, бироқ биттаси орқада қолиб кетди. У жуда қийналиб қадам босарди. Бола ҳайрон қаради:
– Анави кучукка нима бўлган?
Дўкон эгаси унинг ногирон экани, тузалмаслигини айтди. Бола ҳаяжонланиб кетди:
– Шунисини сотиб оламан.
– Ие, буни нима қиласан? Лекин ростдан ҳам хоҳлаётган бўлсанг, текинга олиб кетавер.
– Йўқ, – деди бола бирдан аччиқланиб, – нега текин бўларкан? Бунинг ҳам бошқа шерикларидек қадри бор. Ҳозир сизга қўлимдаги бор пулимни бераман, қолганини эса ойда 50 центдан тўлаб узаман.
– Нега тушунмайсан-а, болакай, пулингга куясан-ку! Чунки бу бошқалардек ёнингда чопқиллаб юролмайди, сен билан сакраб ўйнашолмайди.
Шунда бола эгилди ва шимининг почасини қайирди.
– Мана, – дея тиззасидан пасти протезланган оёғини кўрсатди. Кейин кучукчанинг бошини силаб, эркалаган овозда қўшиб қўйди: – Мен ҳам яхши юролмайман, югуролмайман, бунга эса ўзига ўхшаган, аҳволини тушунадиган хўжайин керак. Тўғрими, миттивой?
 
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 23 сентябрда эълон қилинган  101 марта кўрилган