сентябр 23
Ҳаким номи билан танилган ушбу улуғ олимнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизийдир. “Ҳаким” дея улуғланишига илм-маърифатда жуда етуклиги, доимо ҳикмат ила гапириши эди. У зот ҳақидаги маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин Субкий, Хатиб Бағдодий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва бошқаларнинг асарларида, шунингдек, ўз қаламига мансуб “Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ” автобиографик рисоласида келтирилган. Таваллуд топган санаси хусусида ҳам манбалар ва адабиётларда турли хил маълумотлар берилган.
Ҳаким Термизийнинг ҳаётини чуқур ўрганган мисрлик олим Абдулфаттоҳ Барака Ҳаким Термизий 820 йили Термиз шаҳрида таваллуд топиб, 932 йили 112 ёшида вафот этгани ҳақида ёзади. Мақбараси Термиз шаҳри яқинида Амударё бўйида жойлашган. 
Биринчи устози отаси Али ибн Ҳасан Термизий бўлган. Ҳаким Термизий китобларидан бирида бундай ёзади: “Аллоҳ таоло устозим – отамдан жудо қилганида 8 ёшда эдим. Мен илм олишга шундай берилиб кетган эдимки, мутолаа асосий машғулотим бўлиб қолган эди. Ваҳоланки, тенгқурларим ўйин билан банд бўлишарди. Отамнинг ҳаракатлари туфайли шу ёшимда “Илмул осор”(ҳадис илми) ва “Илмур рай”(ҳанафий мазҳаби фиқҳи) билимларини тўлиқ эгаллаб олган эдим...”.  
Ҳаким Термизий “Сиҳоҳи ситта” номи билан танилган олти мўътабар ҳадис тўплами муаллифларининг барчасига устозлик қилган 9 шайхнинг бири – Қутайба ибн Саид Сақафий Балхий (ваф. 240/888й.), Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий, Утба Ибн Абдуллоҳ Марвазий, Аббод ибн Яъқуб Раважний, Ҳасан ибн Умар ибн Шафиқ Балхий, Яъқуб ибн Абу Шайба, Жаруд ибн Маоз Сулламий Термизий, Исо ибн Аҳмад Асқалоний каби алломалардан ҳам сабоқ олган.
Ҳаким Термизий 25 ёшгача Мовароуннаҳр шаҳарларида тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларини катта қизиқиш билан ўрганади. Тахминан 27 ёшларида ҳаж сафарига йўл олади. Бу сафарда Басра, Бағдод, Куфа, Марв, Нишопур шаҳарларида ўзлаштирган билимлари ҳам муҳим аҳамият касб этган. Субкий “Табақот аш-шофиийя ал-кубро” асарида ёзишича, аллома ушбу сафар давомида юқорида номи зикр қилинганлардан ташқари Хуросондаги бошқа олимлар, жумладан, Солиҳ ибн Муҳаммад Термизий, Али ибн Ҳажар Саъдий ва бошқалардан кўп ҳадис эшитган. Мисрлик тадқиқотчи профессор Муҳаммад Жуюший Ҳаким Термизийнинг 168 устозини номма-ном зикр қилади. 
Шогирдлари: Абу Муҳаммад Яҳё ибн Мансур Қозий (ваф. 350/961й.), Ҳасан ибн Али Жузжоний, Мансур ибн Абдуллоҳ ибн Холид Ҳиравий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Ҳайсам (ваф. 360/971й.), Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар Варроқ Термизий (ваф. 294/906 – 907й.).
Ҳаким Термизийнинг ижоди жуда серқирра бўлиб, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, тасаввуф каби соҳаларда асарлар ёзган.
Тадқиқотчи Абулфаттоҳ Бараканинг ёзишича, Ҳаким Термизий 400 дан ортиқ асар ёзган бўлиб, улардан 60 га яқини ҳақида бизгача аниқ маълумотлар етиб келган. 
 
Ўрол Назар тайёрлади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 23 сентябрда эълон қилинган  168 марта кўрилган