Муҳаммад (с.а.в.)нинг мўмин умматларидан катта гуноҳларни қилганлари тавбасиз ўтган бўлсалар ҳам дўзахда абадий қолмайдилар. Аммо имонли вафот этган бўлишлари шарт. Уларнинг ишлари Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола. Истаса,  фазлу карами билан кечиб юборади. Истаса, адли билан азоблайди. Сўнг яна уларни ўз раҳмати ва улуғларнинг шафоати билан қутқариб, жаннатга дохил қилади. Бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло ўзини таниб, имон келтирганлар билан инкор этганларни баробар қилиб қўймайди. Зеро, у мўминларни дўст тутган. Бинобарин, уларни гуноҳларидан пок этиб, охири аҳли жаннат қилур. Илоҳо, қадамларимизни исломда собит этгин!
Ҳар қандай солиҳ ва фожир имом орқасида иқтидо қилиб намоз ўқишни жоиз деб биламиз. Яхши-ёмон мусулмонга ҳам жаноза ўқийверамиз. Мўминман деб юрганларни қатъий жаннатий ёки дўзахий деб айтмаймиз. Уларни то аниқ белгиси зоҳир бўлмагунча кофир, мушрик ёки мунофиқ деб гувоҳлик бермаймиз. Уларнинг зоҳирига қараб мусулмончилик муомаласини қилаверамиз, ботинларини Аллоҳга ҳавола этамиз.
Муҳаммад (с.а.в.) умматидан ҳеч кимга нисбатан қилич кўтаришни жоиз кўрмаймиз.
Подшоларимиз, раҳбар амалдорларимизга қарши, гарчи зулм қилсалар ҳам, хуруж қилмаймиз, уларни дуоибад ҳам этмаймиз. Итоатдан бош тортмаймиз. Уларга итоат этишни Аллоҳга итоат этиш жумласидан, яъни фарз деб биламиз. Уларнинг ҳақига дуои хайр қилиб турамиз.
Суннат ва жамоатга эргашамиз. Ғайритабиий одатлар, хилоф, тафриқадан қочамиз. Адолатли, омонатли кишиларни дўст тутамиз. Зулм ва хиёнат аҳлини ёмон кўрамиз. Бизга равшан бўлмаган шубҳали ишларни Аллоҳнинг илми ва ихтиёрига ҳавола қиламиз. Сафарда ва ватанда пойабзалларга масҳ тортишни жоиз деб биламиз. Бу хусусда ҳадислар бор.
 
“Ақидатут Таҳовия”дан
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 14 сентябрда эълон қилинган  42 марта кўрилган