Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид. Исломни биринчилар қаторида қабул қилган улуғ саҳобий, тириклигидаёқ жаннатилиги ҳақида хушхабар олган “ашараи мубашшара”дан бири, “Расулуллоҳнинг ҳаворийси” унвони соҳиби, Мадинада биринчи туғилган бола – Абдуллоҳ ибн Зубайр (р.а.)­нинг отаси. Куняси – Абу Абдуллоҳ. Милодий 594 (айрим манбаларда 597) йилда Маккада, Қурайшнинг Асад уруғи хонадонида дунёга келди. Отаси Аввом ибн Хувайлид Пайғамбар (а.с.) насаблари билан Қусайда бирлашади. Онаси Сафия бинти Абдулмутталиб Пайғамбар (а.с.)нинг аммалари. Аёли – улуғ саҳобия Асмо бинти Абу Бакр. 20 нафар фарзанд кўрган – 11 ўғил, 9 қиз.
Баланд бўйли, соқоллари ингичка, ёноқлари кичкина, қотма жуссали ва жисмонан чиниққан киши бўлган. Сахийлиги, қатъияти, вафодорлиги билан машҳур эди.
“Дорул Арқам” вақтидаёқ исломга кирган Зубайрни амаки­си бўйрага ўраб, осиб қўяр, олов ёқиб, тутунини унга ҳайдар, “(Эски динингга) қайт”, дерди. Зубайр эса: “Зинҳор куфр келтирмайман”, деб айтарди.
Ҳабашистонга ҳижрат қилинганида Зубайр ҳам йўлга отланди. Маккада мусулмонларга муносабат яхшиланибди, деган ёлғон гап тарқалгач, қайтиб келди. Аммо кўп ўтмай яна Ҳабашистонга йўл олди. Кейинчалик яна Мадинага ҳижрат қилди. Демак, жами уч ҳижрат эгаси ҳисобланади.
Мадинада у Салама ибн Салома ибн Вақш билан дўст тутинди.
Зубайр Бадр, Уҳуд ва Хандақ жангларида, Хайбар ва Макка фатҳларида иштирок этган. Бу ҳақда ўзидан ривоят қилинади: “Аллоҳга қасам, Расулуллоҳ (с.а.в.) қай бир жанг ёки сарияга чиққан бўлсалар, албатта, мен ҳам чиқдим”.
Бадрда жидду жаҳд билан иштирок этган Зубайр бошига сариқ салла ўраб олган эди. Жанг пайтида Аллоҳ изни билан мусулмонларга ёрдамга тушган фаришталар ҳам шу рангли саллада бўлган. Бу ҳақда Пайғамбар (а.с.): “Фаришталар Зубайр сиймосида тушди”, деганлар.
Уҳудда Пайғамбар (а.с.) Зубайрни қўшиннинг бир қанотига қўмондон қилиб тайинладилар. Жанг олдидан мушриклар байроқдори Талҳа ибн Абу Талҳа яккама-якка жангга чақириқ билан чиқди. Мусулмонлар тарафдан сас бўлмай турганида Зубайр майдонга отилди ва душманни енгди. Шунда Пайғамбар (а.с.): “Ҳар бир набийнинг ҳаворийси бор. Менинг ҳаворийим Зубайрдир. Одамларнинг яккама-якка олишувга чиқмай қолганларини кўрдим. Агар у чиқмаганида, албатта, ўзим чиқар эдим”, дедилар.
Хандақ жанги пайтида мусулмонлар билан аҳдлашган Бану Қурайза қабиласи аҳдини бузиб, душман билан иттифоқ тузди. Бу гап ростлигини билиш ва шу асосда режа қилиш учун Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким Бану Қурайзага бориб, менга уларнинг хабарини билиб келади?” деб сўрадилар. Шунда Зубайр: “Мен”, деди. У зот: “Сенга ота-онам фидо бўлсин”, деб айтдилар.
Зубайр Пайғамбаримиз (а.с.)га божа ҳам бўлган. У Ойша (р.а.)нинг опаси Асмо (р.а.)га уйланган эди. Мазкур оила Мадинада фарзандли бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в.) бориб, чақалоққа Абдуллоҳ деб исм қўйдилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар.
Шунингдек, Зубайр Пайғамбар (с.а.в.)нинг хос ваҳий котибларидан бири эди.
У Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (р.а.)нинг халифалик даврида муҳим воқеалардан четда турмаган. Саҳобийлар ичида алоҳида эътиборли кишилардан бири бўлган. 
Ҳазрат Усмон (р.а.)нинг фитна сабабли шаҳид бўлиши барча мусулмонлар қатори Зубайрни ҳам ларзага солди. Қотиллардан тезроқ ўч олиш пайига тушди. Ойша (р.а.), Талҳа ва Зубайр (р.а.) жиноятчиларни жазолаш учун қўшин тўплаб, халифанинг қотиллари турган Ироққа йўл олди. Янги халифа Али (р.а.) эса уларнинг йўлини тўсиб чиқиб, ортга қайтишларини илтимос қилди. Чунки жаҳл устидаги бу иш халифаликда ижтимоий-сиёсий беқарорлик келтириб чиқариши мумкин эди.
Музокарадан сўнг Ойша, Талҳа ва Зубайр (р.а.) халифанинг сўзига кўниб, қайтиш тадоригини кўрди. Бироқ ўша кечаси иккала томонга ҳам бир гуруҳ фитначилар ҳужум қилиб, ўртада “Жамал” (Туя) деб номланган жанг бўлиб ўтди. 36/656 йил жумодул-охир ойидаги мазкур воқеада кўп машҳур саҳобийлар шаҳид бўлди. Жумладан, Зубайрни ҳам бу фожиа четлаб ўтмади. Жанг пайтида Али ибн Абу Толиб (р.а.) ёнидагиларга: “Менга Талҳани чақиринглар! Менга Зубайрни чақиринглар!” деб тинмай жар солди. Бу овозадан сўнг Али, Зубайр ҳамда Талҳа ибн Убайдуллоҳ ўзаро учрашдилар. Шунда Али (р.а.) айтди: «Эй Зубайр, эсла! Бир куни менинг Расулуллоҳ (с.а.в.)га қараб келаётганимни кўриб кулган эдинг. Пайғамбар (а.с.)  сендан: “Уни (Алини) яхши кўрасанми?” деб сўрадилар. “Ҳа”, дединг. У зот сенга: “Аммо сен унга қарши золим ҳолингда жанг қиласан”, деб айтдилар». Шунда Зубайр Али (р.а.)га: “Тўғри, сен унутган нарсамни эслатдинг”, деб қўлидаги қилични ерга ташлади, сафларни ёриб, жанг майдонини тарк этди. Афсусланиб, Басра яқинидаги “Йиртқичлар водийси” деган жойга тушиб, ибодат қилаётган пайтида Амр ибн Журмуз исмли шахс томонидан ўлдирилди.
Амр ибн Журмуз шаҳид саҳобийнинг қиличини кўтариб Али (р.а.) ҳузурига мағрур ҳолда кириб келди. Али (р.а.) таҳдид билан: “Қўлингдаги Зубайрнинг қиличими?” деб сўради. Амр титраб: “Ҳа, уни ўлдирганимдан кейин олдим”, деди. Али (р.а.) қилични олиб, ўпди. Йиғлаб туриб: “Бу қилич эгаси шу қуроли билан Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ғамни кетказганди”, деди. Кейин қотилга қараб: “Эй Сафия ўғлининг қотили, дўзах башоратини олавер!” деб айтди.
Зубайрдан жами 38 та ҳадис ривоят қилинган.
Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
 
Манбалар асосида Салоҳиддин Сиддиқов тайёрлади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 13 сентябрда эълон қилинган  45 марта кўрилган