Эҳсон “ҳасана” сўзидан олинган бўлиб, барча яхши ва эзгу ишларни ифодалайди.
Эҳсон, асосан, икки маънода келади:
1. Бир ишни чиройли бажариш;
2. Яхшилик қилиш.
Биринчи маъносида, ишларни аъло шаклда қилиш, бир нарсани ҳар томонлама билиш демакдир. Бу маънони машҳур ҳадисдаги “Эҳсон Аллоҳга худди кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Чунки сен У Зотни кўрмасанг ҳам, шубҳасиз, У Зот сени кўриб туради”, сўзлари очиқ-ойдин ифодалайди. Ҳадисда Аллоҳ таолонинг сифатларини, азамати ва буюклигини ёдда тутиб, У Зот кузатуви остида эканимизни унутмай, шунга кўра ҳаракатланишимиз кераклиги ўгит берилади. Шундагина ибодатлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Яна шу мазмунни ифодалайдиган ҳадисда айтилади: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир иш устида эҳсонни зарурий қилган (яъни, чиройли бажаришни буюрган). Агар бирор (ҳайвонни) ўлдирсангиз ёки сўйсангиз, чиройли қилиб сўйинглар. Ва сизлардан бирингиз сўядиган нарсасини қийнамасдан пичоғини ўткирлаб олсин” (Имом Муслим).
Эҳсоннинг иккинчи маъноси қуйидаги ояти каримада баён этилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага эҳсон (яхшилик) қилишни амр этди” (Исро, 23).
Эҳсон – Жаброил (а.с.) мусулмонларга динни ўргатиш учун келганида Пайғамбаримиз (а.с.)дан кетма-кет сўраган уч сўзнинг охиргиси. Аввалги икки сўз “ислом” ва “имон” эди. Биринчиси буткул таслимиятни, иккинчиси ишончни ифодалайдиган бу икки сўз ортидан эҳсоннинг келиши, бўйсуниш ва ишониш фақатгина чиройли тарзда бажарилганида мақбул бўлишини билдиради.
Эҳсон, айни пайтда, инсонларга, барча яратиқларга беғараз яхшилик, инфоқ улашиш; ёмонлик қилганга ҳам яхши муносабат кўрсатишдир. Шу жиҳатдан эҳсон нафақат шахс, балки жамият камолотини ҳам таъминлашга хизмат қилади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 11 сентябрда эълон қилинган  157 марта кўрилган