Ойша (р.а.) дедилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.)га ичимликлар ичида ҳаммадан маҳбуброғи ўзи ширин ва совуқ бўлган нарса эди”.
 
Изоҳ.  Расулуллоҳ (с.а.в.) таом ҳақида ниҳоятда бетакаллуф бўлсалар ҳам ичимлик хақида совуқ ва ширин сувни яхши кўрардилар. Шунинг учун Мадинадан неча мил узоқ сақёдан у зот учун хос сув келтирилар эди. Бу ердаги совуқ ширин шаробдан мурод, ивитиб қўйилган хурмо ё майиз бўлса ҳам бўлар, ё асал шарбати бўлса ҳам бўлар, ё тўғри ширин муздек сув бўлса ҳам бўлар. Ичиладиган сувда совуқлик ва ширинлик сифати жам бўлса, сиҳатни муҳофаза қилади. Дил ва жигарга ниҳоятда фойдали.
Ибн Аббос (р.а.) дедилар: «Бир куни мен ва Холид ибн Валид иккимиз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан уммул мўминин Маймуна (р.а.) хоналарига кирдик. (Бу волидамиз бу ул икки зотнинг холалари бўладилар). Онамиз бир идишда сут олиб келдилар.  Саййиди олам (с.а.в.) ундан ичдилар. Мен ўнг тарафларида эдим. Холид чап тарафларида эди. У зот дедилар: “Эй Абдуллоҳ, ҳозир ичмоқ сенинг ҳаққинг, чунки ўнгда ўтирибсан, лекин Холидга ҳаққингни кечиб берсанг, ихтиёринг бор”. Мен айтдим: “Ё Расулуллоҳ, ўзларидан насиб бўлган бу давлатни ҳеч кимга бермасман”. Кейин у зот дедилар: «Ҳар кимга Аллоҳ таоло бир қисм таом насиб қилса, ҳамд айтсин: “Ё Аллоҳ, бу берган ризқингни бизлар учун муборак қилгин ва бундан ҳам яхшироғини ато қилгин”. Ва ҳар кимга Аллоҳ таоло сут неъматини насиб қилса, десин: “Ё Аллоҳ, бу сут неъматини бизлар учун муборак қилгин ва бу неъматдан бизларга кўпроқ бергин”. Кейин Жаноб (а.с.) дедилар: “Дунёда ҳеч бир неъмат ҳам таом, ҳам шароб бўла олмайди. Магар сут шундай неъматки, инсон учун ҳам таом, ҳам шаробдир». 
Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) зам-зами шарифдан тикка турган ҳолларида ичдилар”.
Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) дедилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.)ни мен кўрганманки, тикка туриб ҳам ва ўтириб ҳам ичар эдилар”.
Изоҳ. Уламолар дедилар: “Зам-зами шарифни тикка туриб ичмоқлик афзалдир. Тикка туриб ичмак хилофи авлодир”.
Анас ибн Молик (р.а.) дедилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг одати шарифлари қачон сув ичсалар, идиш қўлларида туриб, уч бор дам олар эдилар ва дердиларки: “Бу тариқа ичмакдан сув баданга яхши боради ва лаззатли бўлади ва ташналикни мукаммал даф қилади». Уламолар деганларки: «Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон сув косасини қўлларига олсалар, бир ичиб, косани узоқ қилиб туриб, “алҳамдулиллаҳ” дер эдилар. Шул тариқада уч бўлиб ичар эдилар. Ҳар дафъа аввалида “бисмиллоҳ” ва охирида “алҳамдулиллаҳ” дер эдилар».
Ибн Аббос (р.а.) дедилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) сув ичсалар, икки бор дам олур эдилар. Яъни, баъзи вақт шундай бўлардики, аксари вақт уч дам билан ичар эдилар. Бир дам билан ичмас эдилар”.
Кабша (р.а.) дедилар: “Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) менинг уйимга ташриф қилдилар. Уйда бир мешда сув бор эди, осиғлиқ турган эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ўша меш оғзидан тикка туриб, сув ичдилар. Кейин мен туриб, мешнинг оғзини кесиб олиб қўйдим”. 
Изоҳ. Уламолар мешнинг оғзини кесиб олганларига икки сабаб баён қилганлар: бири, табаррук қасдида, иккинчиси, бошқанинг оғзи тегиб, беадаблик бўлмасин андишаси билан.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 9 сентябрда эълон қилинган  181 марта кўрилган