Халқимизда эҳсон сўзи, кўпроқ садақа маъносида қўлланади. Шунингдек, одамларни чорлаб, олдига дастурхон ёзишни ҳам эҳсон деймиз. Албатта, бу ишлар ҳам эҳсон-эзгулик. Аммо эҳсон биз ўйлагандан кўра анча кенг маънога эга. Бу сўзга кўп таърифлар берилган. Энг мукаммали эса, шубҳасиз, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га оиддир. “Жаброилнинг ҳадиси” номи билан машҳур ҳадисда Жаброил (а.с.)нинг: “Эҳсон нима?” деган саволига Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эҳсон Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қилишингдир. Гарчи сен Уни кўрмасанг-да, У сени кўриб-кузатиб туради”, деб жавоб берганлар. Мусулмоннинг Худо розилигини кўзлаб қилган ҳар бир иши ибодатдир. Демак, эҳсон деганда ҳар бир ишни, ҳар бир юмушни чин юракдан адо этишни тушуниш керак. 
Ҳар бир касб эгаси ўз ҳунарини пухта эгаллаши, ҳар бир ходим ўз соҳасининг энг зўр мутахассиси бўлиши эҳсондир;
Намозни шунчаки ўқиб қўйиш эмас, уни хузу-хушуъ билан қоим қилиш эҳсондир;
Ишхонада буюрилган ишни маромига етказиб, сидқи­дилдан адо этиш эҳсондир.
Тартиб-қоидаларга бўйсуниш, ҳеч ким кўрмаётганида ҳам йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш эҳсондир;
Оиласининг таъминоти учун ҳалол касб-ҳунар қилиш эҳсондир;
Ўзи турли ва тотли неъматлар оғушида роҳатланаётганда, маошини у ойдан бу ойга зўрға етказаётган ўртаҳол қўш­нисини ҳам эсга олиб, унинг оғирини енгил қилиш, ўзидан ортганини уларга илиниш ҳам эҳсондир;
Катта-катта зиёфатларни озгина кичрайтириш ҳисобига ўқишга имкони йўқ иқтидорли талабанинг шартнома пулини тўлаб бериш эҳсондир;
Заиф кишиларнинг ожиз томонини ҳисобга олиб, мурувват билан муомала қилиш эҳсондир;
Одамларнинг дини, мазҳаби ва миллатидан қатъи назар, инсон бўлгани учун ҳам ҳурматини жойига қўйиш эҳсондир;
Атроф-муҳитни озода сақлаш, кечаси, ҳеч ким йўқ пайтида ҳам оқар сувларга ахлат ташлашдан тийилиш эҳсондир;
Ҳаттоки, қурбонлик учун ҳайвон сўядиган одам пичоғини ўткирлаб олиши, жониворни қийнамаслиги ҳам эҳсондир...
Гувоҳи бўлганингиздек, эҳсон жамиятнинг ҳамма бўғини, ҳаётимизнинг ҳар бир босқичини камраб оладиган ниҳоятда кенг тушунча. Шу билан бирга, у ғоят долзарб аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам долзарбки, агар унга амал қилинса, жамият гуллаб-яшнайди, тараққиётнинг юқори чўққилари сари юксалади.
Севимли тақвимингизнинг қўлингиздаги сонида ана шу кенг тушунчани баҳоли қудрат очиб беришга уриндик. Бундан ташқари, ундаги фойдали маълумотлар, пурмаъно ҳикматлар ва таъсирли ҳикоялар ҳам сизга манзур бўлади, деб умид қиламиз.
Аллоҳ таоло бу ишимизни Ўзи рози бўладиган, сидқидилдан, эҳсон даражасида адо этилган ибодатлар қаторида қабул айласин. Ушбу тақвимни барчамизга манфаатли қилсин.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 2 сентябрда эълон қилинган  232 марта кўрилган