Маълумки, ислом дини таълимотига кўра, муҳаррам ойи ҳурматли, Аллоҳ таоло уруш-бузғунчиликларни ҳаром қилган тўрт ойнинг биридир. “Аллоҳнинг ойи” деган номи ҳам бор.

Муҳаррамнинг ашуро, яъни ўнинчи кунида барча самовий динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтгани сабабли бу ойни “ашуро ойи” дейиш урфга айланган.

Имом Аҳмад (р.а.) Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилишича, шу куни Нуҳ (а.с.)нинг кемаси Жудий тоғи устида тўхтаган, у зот (а.с.) шукрона тариқасида шу куни рўза тутганлар.

Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)ни ашуро куни Фиръавн исканжасидан қутқарган. Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.) Мадинага келганларида яҳудийларнинг ашуро кунида рўза тутишганини кўрдилар ва: “Бу қандай кун?” деб сўрадилар. Улар: “Бу – Аллоҳ таоло Мусо (а.с.) билан Бани Исроилни душманларидан қутқарган муборак кун, шунинг учун Мусо (а.с.) бу кунда рўза тутганлар”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар” (Муттафақун алайҳ).

Жоҳилият арабларининг ҳам ашуро кунида рўза тутиш одатлари бўлган. Ойша онамиз (р.а.) қуйидаги ҳадисни ривоят қилади: “Ашуро куни қурайшийларнинг жоҳилият даврида рўза тутадиган куни эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам шу куни рўза тутардилар. Мадинага келганларидан кейин Рамазон ойи рўзаси фарз қилинди. Шундан сўнг Пайғамбар (с.а.в.): “Мен ашуро куни рўза тутишга буюрилган эдим, энди эса хоҳлаган киши рўза тутсин, хоҳлаган киши тарк қилсин”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳадисдан маълум бўладики, Исломнинг аввалги даврида ашуро кунида рўза тутиш мусулмонларга фарз бўлган. Ҳижратнинг иккинчи йилида Рамазон рўзаси фарз қилингач, ашуро рўзасининг фарзлиги бекор қилиниб, нафл бўлиб қолган. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу кунда рўза тутишнинг фазилати ҳақида: “Ўтган бир йилда қилинган гуноҳларга каффорат бўлади”, деб марҳамат қилганлар (Муслим ривояти).

Бу кунда қилинган солиҳ амалларга Аллоҳ таоло улуғ ажру мукофотлар беради. Шунга кўра, Ашуро кунида мўмин-мусулмонлар янада саховатли бўлиб, хайру эҳсонни кўпайтиришлари лозим. Чунки хайр-эҳсон улуғ ибодатлардан бўлиб, эвазига бериладиган савоб ҳам беқиёсдир. Эҳсонни оиладан, энг яқин қариндошлардан бошлаш шарт. Ундан кейин, имкон бўлса, қўни-қўшни ва бегоналарга мурувват кўрсатиш керак бўлади. Бу хусусда Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Ким ашуро кунида ўз аҳли оиласига кўпроқ нафақа қилса, яъни рўзғорини бут қилиб берса, Аллоҳ таоло йил давомида унинг ризқига кенгчилик беради” (Муслим ривояти).

Суфён Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканига гувоҳ бўлдик”, деганлар.

Дарҳақиқат, муҳтожларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларининг ортишига хизмат қилади; дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабаб бўлади.

1-муҳаррам – ҳижрий янги йилнинг илк куни. Ҳижрий-қамарий тақвим ҳисоби Расули акрам (с.а.в.) вафотларидан сўнг халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.) даврида вужудга келади. Ҳазрат Умар бошқа катта саҳобалар билан маслаҳатлашиб, янги ҳижрий санани Расулуллоҳ (с.а.в.) Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилган кунларидан бошлаб ҳисоблашга келишадилар. Ҳижрат сафар ойига тўғри келган бўлса-да, унга тайёргарлик муҳаррамдан бошланганини эътиборга олиб, ҳижрий сана аввали муҳаррамнинг биринчи кунларидан ҳисоблашга қарор қиладилар. Шунга кўра, ҳижрий-қамарий сананинг бошланиши милодий сананинг 622 йил 16 июль жума кунига тўғри келади.

Мана шу тарихдан бери бутун араб ва ислом олами халқлари қатори, диёримиз мусулмонлари ҳам диний байрамларни, хусусан, Рамазон ҳамда Қурбон ҳайити кунларини белгилаш каби масалаларда ҳижрий-қамарий тақвимдан кенг фойдаланиб келмоқдалар.

Сизу бизнинг ушбу муборак ва улуғ ойларни ёд этиб туришимиздан мақсад, уларнинг фазилатларидан ташқари, кунлар ойларга, ойлар йилларга уланиб умримиз ўтиб бораётганини тез-тез эсга келтириб туриш демакдир. Шояд бу билан ҳар онни ғанимат билиб, хайрли ва солиҳ амалларга саъй-ҳаракатларимизни янада зиёда қилсак.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 2 октябрда эълон қилинган  59 марта кўрилган