август 13
Имом Журжоний: “Ғурур нафснинг ҳавосига мувофиқлик ва табиатига мойилликдир”; Кафавий эса: “Ғурур хатони тўғри дея зийнатлашдир”, деб таърифлайди.
Кўпчилик аслида янглиш йўлда бўлса ҳам, қилаётган ишларини тўғри деб ўйлайди. Шайтон “Аллоҳ кечиргувчи Зот”, деб одамларни чалғитади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй инсонлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти сира алдаб қўймасин! Яна сизларни алдамчи (шайтон) алдаб қўймасин!” (Фотир, 5). Яъни, сизларга шайтон Аллоҳ номидан ваъда бериб: “Гуноҳ ишларни қилаверинг! Тоат-ибодат шарт эмас, Аллоҳ кечирувчидир”, каби сўзлар билан алдаб қўймасин.
Айримлар кўплаб неъматларга эга бўлгани учун ўзи ва ўзига ўхшаганлар Аллоҳ ҳузурида мартабага эга деб гумон қилади ва ғурурланади. Бу нотўғри экани оятда айтилади: «Бас, энди инсонни қачонки, Парвардигори синов учун икром этиб, унга неъмат ато этса, дарҳол: “Парвардигорим (лойиқ бўлганим учун) мени икром этди”, дер» (Фажр, 15).
Саробдан иборат шайтоний умидга берилганлар: “Аллоҳнинг денгизлардан кенг раҳмати олдида бизнинг гуноҳларимиз томчидек ҳам эмас. Биз унга имон келтирдик. Шунча кофир ва золим туриб бизни жазоламайди. У Зотнинг ибодатларимизга эҳтиёжи йўқ”, деб ўйлашади. Агар шундай бўлганида эди, бу гапларни ҳаммадан яхши билган пайғамбарлар, олимлар, валийлар, солиҳ кишилар кеча-кундуз ибодат қилмаган, тақвони қаттиқ тутмаган; гуноҳсиз ва ибодатда давомли фаришталар доим қўрқувда турмаган бўлишарди.
Шу тарзда кимдир ибодати, кимдир мансаби, кимдир насаби, яна кимдир илми билан ғурурланади. Бунинг ортидан туғён, куфр, фисқ-фужур, кибр келиб чиқади. Хулоса, бу хасталик бандани ҳалокатга етаклайди.
 
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 13 августда эълон қилинган  103 марта кўрилган