август 11
Риё ихлоснинг зидди бўлиб, бошқалар кўрсин-билсин деган мақсадда қилинган амалдир. Таҳонавий риёни бундай таърифлайди: “Риё яхшиликни бошқалар кўриши учун қилишдир. Унда холис ният ва ихлос бўлмайди”.
Риё қалбий ният; яъни, Аллоҳ таоло розилигини эмас, одамлар кўришини ният қилишдир. Банда амаллари ҳавога учмаслиги учун олдин ниятини тўғрилаши зарур.
Ҳадиси шарифда риё “кичик ширк” дейилади.
Фузайл ибн Иёз айтади: “Инсон бажарган амали билан риёкорлик қилишга одатланса, бажармаган амали билан ҳам риёкорлик қилади”. Бундай одам назарга тушиш учун яхши ишни қилмаса ҳам, қилдим дейди. Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Ўз қилмишлари билан мағрурланадиган, қилмаган (яхши) ишлари учун мақталишни севадиганлар азобдан халос бўладилар деб, ҳисобламанг, асло! Уларга (охиратда) аламли азоб (бордир)” (Оли Имрон, 188).
Вақт жиҳатидан риё уч қисмга бўлинади: биринчиси, амални бошламасдан туриб қилингани бўлиб, энг ёмонидир. Иккинчиси, амал асносида туғилган риё. Яъни, амал Аллоҳ розилигини кўзлаб бошланади, фақат уни бажариш асносида риёга майл уйғонади. Бу иккиси амални бузади. Учинчиси эса, амал Аллоҳ розилиги учун қилинади, бироқ шундан кейин риё юзага келади. Одам қилган ишини гапиради ва эшитганларнинг мақтовидан қувонади. Бу риё амалнинг аслини бузмайди, бироқ савобини йўққа чиқаради. Бир киши тунда Қуръон ўқиганини айтганида, Абдуллоҳ ибн Масъуд деди: “Сенинг бу тиловатдан олган насибанг уни одамларга гапириб беришдан иборат”.
Бошқаларни яхшиликка бошлаш учун ўз амалини гапириш риё эмас. Лекин ният чалғитувчи бўлиши ҳам мумкин. Ташвиқ учунгина гапиряпман, деб ўйлаган киши аслида нафсини қаноатлантириш учун айтаётган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Демак, бунда ҳам ўта эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик зарур.
Одамни риёга бошлайдиган икки сабаб бор. Биринчиси, фойда умид қилиш, иккинчиси эса машҳур бўлиш, мақталиш ҳаваси. Шунга кўра, риёдан қутулишнинг чораси бу икковидан сақланишдир.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 11 августда эълон қилинган  22 марта кўрилган