Бу дунёда ўзини яхши кўрмайдиган, бошқалардан биттагина сифати билан бўлса ҳам ажралиб туришига, ўзгалардан кўра афзаллигига ишонмайдиган одам бўлмаса керак. “Йўқ”, дейишга шошилманг. Қалбимизга назар солсак, гарчи тилимизга кўчмаса ҳам, дилимизда шундай ишонч борлигига гувоҳ бўламиз. Зеро, қалбимиздаги ужубдан ғофил қолсак, қанча тоат-ибодат, ҳасанот қилмайлик, ўзини бой билган фақир бўлиб юраверамиз. Пайғамбар (а.с.) огоҳлантирадилар: “Ҳеч қандай гуноҳга йўл қўймасангиз ҳам, ужуб қилишингиз сиз учун гуноҳ сифатида етарлидир” (Ибн Ҳиббон, Баззор).
Манманлик шундай иллатки, инсоннинг Аллоҳ таоло тавфиқидан бебаҳра қолишига, ҳар амалига шайтоннинг шериклик қилишига сабаб бўлади. Риёга йўл очади. Чунки ўз амалидан кўнгли тўқ одам уни бошқаларга ҳам кўрсатиб, ҳайратлантиришни хоҳлайди. Бу борада мендан афзали йўқ, деб ўйлайди. Улуғлардан бири айтган экан: “Тунги намозга туриб, кундузи бу амалимдан фахрланишимдан кўра, ўша кеча ухлаб қолиб, кун бўйи пушаймон еб юрганим афзал”.
Ўзига бино қўйган одам Аллоҳ таоло берган тавфиқ ва иноятни ўзидан деб билади. Шу сабабли Парвардигорига шукр, ҳамд айтиш ўрнига ўзини мақташга ва кўрсатишга ҳаракат қилади. Мисол учун, Аллоҳ таоло Қорунга имтиҳон учун бойлик берди. У эса: “Мен унга фақат ўзимдаги билим сабаблигина эришдим”, деди (Қасас, 78). Бу нонкўрлиги ва кибри сабаб Аллоҳ таоло амри билан ўзи, бутун мол-мулкини ер ютиб юборганида на илми ва на бойликлари уни қутқара олди (Қасас, 81).
Ужубнинг энг таҳликали офатларида яна бири одам ўзини етарли даражада яхши санаб, хайрли ишларга саъй қилишдан тўхтаб қолишидир.
Шайтон Боязид Бастомий (қ.с.) ёнига келди ва йигирма йил у кишининг олдида бўлди. Уни йўлдан оздириш учун қилмаган ҳунари қолмади. Ниятига етолмади. Кетиш олдидан: “Мени танидингми?” деб сўради. “Келган кунингдаёқ таниганман”, деган жавобни эшитган шайтон айтди: “Нима қилсам ҳам, сени адаштиролмадим. Демак, Аллоҳ сендан рози. У Зот сени жуда яхши кўради ва паноҳида асрайди. Ер юзида сенга ўхшаган одам топилмаса керак”. Шунда Боязид Бастомий: “Охирги чоранг мени ужубга тушириб, ҳалокатга учратишми?” деди ва шайтонни қувиб юборди.
Бир куни Исо (а.с.)дан сўрашди: “Эй Руҳуллоҳ, қалайсиз?” У киши жавоб бердилар: “Биламанки, ер юзида мендан фақирроқ одам йўқ. Руҳим қўлимда эмас, соғлигим қўлимда эмас, очлигим, ташналигим қўлимда эмас, яъни, бутун борлиғим бошқа бир Зотнинг қўлида. Шундай бўлгач, мен ҳаммадан фақирман, дейишдан бошқа жавобим йўқ”.
Аслида бу ҳаммамизнинг жавобимиз бўлиши керак. Ейишимиз, ичишимиз, беморлигимиз, ўлимимиз, хуллас, ҳамма нарсамиз Аллоҳ таоло қўлида. У Зот ҳузурида барчамиз бирдек ожиз ва кучсизмиз. Шундай бўлгач, манмансирашимиз катта хатодир.
Энди қалбимизга теранроқ назар ташлайлик, юқоридаги ўлчовларга тушунчаларимиз, ҳисларимизни солиб кўрайлик. Шунда ҳам: “Менда бу иллат йўқ”, дея оламизми? Деёлмаймиз. Ана шу деёлмаганимиз учун шукр. Чунки бемор одамнинг табибга бориши учун касаллигини тан олиши зарур. Ҳамма хасталик қатори қалб касалликларининг ҳам шифоси бор. Ужубдан қутулиш учун улуғлар қуйидаги тўрт дорини тавсия қилишади:
- муваффақиятни Аллоҳ таолодан билиш. Зеро, буни билган банда Раббига шукр айтади ва манмансирамайди;
- Аллоҳ таоло ўзига берган неъматларни кўриш, қадрига етиш. Чунки буни билган одам беҳисоб неъматлар қошида амали оз эканини англайди;
- амаллари қабул бўлмаслиги эҳтимолини ёдида тутиш. Банда ана шу эҳтимолни ўйлаб, қўрққани муддатча ужубга тушмайди;
- олдин қилган гуноҳлари ҳақида ўйлаш. Банда гуноҳлари савобларидан кўп бўлишидан қўрқса, манмансирамайди. Буни билган одам қандай қилиб ўзига маҳлиё бўлсин?
Ҳеч ким қиёмат кунида амал дафтаридан нималар чиқишини билмайди. Бир кимсанинг мақтаниши, қувониши мумкин бўлса, бу қиёмат куни амал дафтарини ўқиганидан кейингина мумкиндир.
 
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси
Дилдора Бобомурод қизи тайёрлади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 10 августда эълон қилинган  152 марта кўрилган