август 08
Кишининг ўзида бор нарсадан ўзи ажабланиши ва мақтанишига арабларда ужуб, бизнинг тилда манманлик дейилади. Уламолар истилоҳида қуйидагича таърифланади: “Ужуб – манманлик неъматни ўзининг фазлидан деб ишониш ва неъмат берувчи Зотни унутишдир”.
 
Шабий (рҳ.а.) ҳикоя қилади: «Бир кишининг бошига доимо булут соя солиб турар, қаёққа борса, бирга борарди. Буни кўрган фосиқ киши: “Кел, шу одамнинг ёнига борай, балки унинг ҳурматидан Аллоҳ таоло мени кечирар”, деди. Лекин бояги киши: “Менга соя солган булут остида нега бу гуноҳкор ҳам юриши керак?” деб норози бўлди. Икки томонга айрилишганида булут уни тарк этиб, фосиқ билан бирга кетди».
 
Банда яхши билиши лозимки, уни ҳам, ундаги хислатлар, фазилатлар ва амалларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. Бас, шундай бўлганидан кейин, олим ўз илми ила, амал қилувчи ўз амали ила, бой ўз бойлиги ила, кучли ўзидаги қувват ила, чиройли ўз чиройи ила манманлик қилишининг маъноси қолмайди. Чунки ўша нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг фазлидандир.
 
Оқил киши қўшнисининг уйи билан мақтана оладими? Дўстининг улови билан манмансираши мумкинми? Пулдор танишининг бойлигига кўкрак кериши ақлга сиғадими? Йўқ, албатта. Банданинг ўзида бор нарсалар билан мақтаниши, бошқалардан афзалман деб ўйлаши ҳам худди шунга ўхшайди. Чунки биздаги ҳамма нарсани – моддий-маънавий борлиқларни Аллоҳ таоло ато этган. Шундай бўлгач, одамзотнинг манман­сираши жоҳилликдан бошқа нарса эмас.
 
Мусулмон одам ривожланишдан, камолотдан тўсадиган бу хасталикдан ҳушёр бўлади. Ўзида бор бирор фазилат ё илм ёки ибодатга рағбати Аллоҳ таолонинг эҳсони эканини ўйлайди, шукр айтади. Шу йўл билан ужуб касаллигидан қутулишга ҳаракат қилади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 8 августда эълон қилинган  172 марта кўрилган