Мунаввар тонг. Кўпқаватли уйлар оралаб қуёшнинг илк нурлари ила саҳархез қушлар сайроғига уйғунлашиб таниш овозлар деразалардан сизиб келади:

– Сут, қатиқ, қаймоқ келди-и!

Вужудинг уйғонган сари ҳисларинг тиниқлашиб, димоғингга “гуп” этиб иссиқ нон ҳиди урилади. Шу яқинда нонвойхона бор, биринчи тандирни ёпиб улгуришибди, барака топгурлар. Маълум вақт ўтиб, ҳовли саҳнида ўқтин-ўқтин яна бошқа овозлар жаранглайди:

– Шафтоли келди, шафтоли-и-и!

– Тарвуз, қовун бо-ор!

– Олма, ғайноли келди-и!

Бир пайтлар, айниқса, тонгги сукунатни бузиб тирикчилик қилувчи сотувчиларнинг бақир-чақири жуда малол келарди. Аммо бугун, атроф-оламга кенгроқ назар ташлаб ўзгарган тафаккурим ҳаётнинг ҳар лаҳзасидан ҳикмат излашга ундайди. Ахир бундай беоромликка тўкинлик, серобчилик сабаб эмасми? Деҳқону боғбоннинг шаҳар оралаб ўзи етиштирган неъматларни баралла тарғиб қилиб сотиб юриши юртдаги осойишталикдан-ку? Тинчлик ва серобчилик – бу икки неъматнинг баҳоси йўқлигини бугун ким ҳам билмасин, англамасин?

Бу йил дала ва боғларимизга Яратганнинг раҳмати ёғилди, гўё. Азалдан мева-чевасининг бетакрор мазасию сархиллиги билан довруғ таратиб келган Фарғонажоннинг бағри баракага ошён бўлди десак, муболағага йўймайсиз.

– Шафтоли қанча?

Шунчалар арзон нарх айтилганидан, тўғри эшитдимми, деган иштибоҳ билан сотувчига бир қараб оламан. Ҳар меваки, пиёладан катта, серсувлигидан ялтиллаб кетган. Бу ёқда олманинг тўрт хили “мени олинг!” дегандай, таранг ҳуснини кўз-кўзлаб турибди. Узум, олча, ғайноли, эҳ-ҳе, йўқ меванинг ўзи йўқ, ҳаммаси сара! Қовун-тарвузнинг сархили уюм-уюм, сабзавотлар шунчалар яшноқ, ранги тиниқки, ҳозиргина пайкалдан узиб чиқилгандек. Энг муҳими – бу неъматларнинг ҳаммаси жуда арзон, ҳамёнбоп. Тўкинлик деб шуни айтадилар-да!

Озиқ-овқат расталарини оралаб, ноннинг хилидан кўз қувнаб кетади. Патир, ширмой, қатлама, жиззали, гўштли нонлар... Ана файзу, ана барака! Бу-ку, марказий бозор, маҳалламиз, уйимизнинг олдидаги дўконларда ҳам ноннинг бир неча хили иссиқ ҳолида доим бизга мунтазир туради. Беихтиёр ёши улуғ бир суҳбатдошимнинг хотиралари ёдимга тушади. У болалигида туман марказидаги дўконнинг ойнаванд растасига кўргазма учун қўйилган обинон макетини соатлаб томоша қилиб, тамшана-тамшана орзуга берилганини, онаси эса: “Бир тандир нон ёпиб, савати билан ўртага қўйиб берсаму, болаларимнинг тўйиб еганини кўриб ўлсам, армоним бўлмас эди”, дея бот-бот такрорлаганини айтиб берганди...

Мана, атиги йигирма икки минг тонна буғдой захираси билан мустақил ҳаёт бошлаган мамлакатимиз чорак асрлик қисқа муддатда дунёнинг ўзига тўқ давлатлари қаторига кирди. Бозорларимиз жаҳон андозаларига мос даражада обод қилинди, озиқ-овқатнинг барча турлари юқори сифат ва ранг-барангликда ҳавола этилаётир. Дастурхонимиз ҳамиша тўкин, эртадан кўнглимиз хотиржам. Шундан мудом тилимиздан шукронамиз тушмайди.

Яқинда марказий нашрлардан бирида ўқиганим қуйидаги воқеа қалбимни ларзага келтирди. Янгигина телевизор бузилиб қолганидан хуноби ошган ота тузатишга киришиб орқасини очгани чоғ ҳар-хил озиқ-овқат парчалари ачиб ётганини кўради. Аёли ҳам ҳайрон. Айбдор – тўрт яшар қизлари эканини дарров англаб, саволга тутганларида ота ва фарзанд ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтади:

– Бу нима қилганинг?

– Овқат бердим.

– Кимга?

– Африкадаги оч болаларга.

Дакки бермоқчи бўлиб турган ота кўзида ёш билан қизчани бағрига босади...

Кези келганда айтайлик, ҳаётимиз қанчалар фаровон бўлмасин, орамизда салга нолийдиган, оёғининг остидан нарини кўрмайдиган ношукрлар учраб туради. Ана ўшалар шу мурғаккина боладан сабоқ олиши, олижаноб қалби олдида тиз чўкиши керак! Дунёнинг турли жойларида биров оч, биров нотинч, яна биров дайди ўқдан қочиб юртини ташлаб кетмоқда... Бу ҳақда ўйлаб, хулоса қилмаслик, тақдирини озод ва обод Ватан тақдирига чамбарчас боғламаслик нодоннинг иши эмасми? 

Ҳа, бугун соғлом фикрли ҳар бир ўзбекистонлик тинчлигу ободлик, серобчиликдан кўкси ифтихорга лиммо-лим тўлиб яшаётир. Гўзал диёрдаги тўкин ҳаётга шукронасини ўзининг жўшқин меҳнати, яратувчалик амалларида ифода этаётир. Юртимиз тинч, халқимиз омон экан, ризқимиз бут, эзгу ишларимиз бардавом бўлгай!

Гулчеҳра Асронова

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 6 августда эълон қилинган  137 марта кўрилган