август 02
Қалбнинг ҳузурини бузадиган маънавий хасталикларидан яна бири кибрдир. Кибр одамнинг бошқалардан ўзини устун билиши, катта тутиши демак. Кибр қилиш фақат Аллоҳ таолога хос бўлиб, махлуқотдан ким бунга даъво қилса, у ёлғончи, жоҳилдир. Ояти каримада бундай дейилади: “Аллоҳ ҳар бир мутакаббир ва зўравоннинг қалбини мана шундай муҳрлаб қўйгай” (Ғофир, 35).
 
Кибрли одам ўзидан устун бўлганлардан ғазабланади, ўзи билан тенг савияда бўлганларнинг борлиги тинчини бузади. Уларни яхши ҳам кўрмайди, эзгу ишларидан севинмайди ҳам. Уларнинг йўқ бўлиши, бошларига бир иш тушиши такаббурнинг энг катта орзусидир. Баъзи одамлар олим ва обид бўлатуриб ҳам кибрдан воз кечмайди. Ҳатто шайтонга шу даражада қул бўлганлар борки, уялишлари ва йиғлашлари керак бўлгани ҳолда, зулм ва гуноҳлари билан кибрланади. Ёмонликларини ҳам бошқалардан устунлик сифатида билади. Булардан келиб чиқиб, ҳар ким ўз оқибатини ўйлаши, нафсини ислоҳ қилишга уриниши зарур. Зеро, шайтон кибри сабабли лаънатланди. Биз учун энг катта ибрат шу. Бир томчи нутфадан яралиб, охири чириган жасад бўладиган одамзотнинг кибрланиши ақлсизликдан бошқа нарса эмас.
 
Кибрнинг зидди тавозе бўлиб, бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбар (а.с.) мисолларида барча мўминларга амр қилади: “Сизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг!” (Шуаро, 215).
 
Кибрнинг зарарини тушунтириш учун қуйидаги ҳадиси шарифни билиш кифоя: “Қалбида заррача кибри бор киши жаннатга кирмайди” (Имом Муслим).
 
Бу касалликдан қутулиш учун банда аввало ўзини ва Раббини танисин. Шундагина ўзига тавозени лозим тутади. Улуғлик эса Аллоҳ таолодан бошқага тўғри келмаслигини англаб етади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 2 августда эълон қилинган  150 марта кўрилган