Муҳаммад ибн Фазл Балхий айтади: “Қалбнинг қорайишига тўрт нарса сабаб бўлади:

1. Билганларига амал қилмаслик;

2. Билмасдан амал қилиш;

3. Билмаганларини ўрганмаслик;

4. Бошқаларнинг ўрганишига тўсқинлик қилиш”.

Қалб тозаланаётган жараёнда ҳам тўрт тўсиқ чиқади:

1. Мол-мулкка муҳаббат. Динимизда мол-дунё ёмонланмайди. Унга бўлган муҳаббат ёмонланади. Аслида, қалб саломатлигида, охират фойдаларини қўлга киритишда бойликнинг ўрни катта. Шунга кўра, мол-дунёга муҳаббатни қалбдан чиқариш зарур.

2. Мартаба-мансабга муҳаббат. Охират неъматларини қўлга киритишда мансаб ҳам қўл келади, албатта. Худди мол-дунё каби мансабнинг ҳам ўзи эмас, муҳаббати тўсиқ бўлади. Хизмат мақсадида бир мансабга талабгор бўлиш бошқа нарса, нафснинг орзуларини амалга ошириш учун мартаба кўзлаш бошқа нарсадир.

3. Бошқа нарсаларга муҳаббат, яъни, Аллоҳга муҳаббатдан бошқасини қалбдан чиқариш керак!

4. Гуноҳ. Ҳар гуноҳга тавба қилиш шарт! Ҳадиси шарифда айтилади: “Ким гуноҳ қилса, қалбида қора нуқта пайдо бўлади. Тавба қилса, йўқолади. Гуноҳларда давомли бўлса, доғ катталашиб, қалбини бутунлай қоплайди” (Насоий).

Бу тўрт тўсиқни ошиб ўтиш учун тўрт нарса керак бўлади:

1. Кўп емаслик. Ҳадиси шарифда айтилади: “Кўп еб-ичиш билан қалбингизни ўлдирманг” (Имом Ғаззолий);

2. Кўп ухламаслик. Кўп еб-ичиш уйқу чақиради. Кўп ухлаган эса қиёматда пушаймон бўлади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Аллоҳ таоло кўп еб-ичганни ва кўп ухлаганни яхши кўрмайди” (Имом Ғаззолий).

3. Кўп гапирмаслик. Ҳадиси шарифда айтилади: “Кўп гапирган кўп хато қилади, кўп гуноҳ қилади. Кўп гуноҳ қилган эса жаҳаннамга тушади” (Абу Нуайм).

4. Ёмонлардан узоқ туриш. Ҳадиси шарифда айтилади: “Яхши ва ёмон суҳбатдош мисоли мушк сотувчи ва темирчи дамгари кабидир. Бири хушбўй таратса, иккинчиси чўғ отиб туради” (Имом Бухорий).

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 31 июлда эълон қилинган  119 марта кўрилган