Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш “нифоқ” сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уясига ҳам “нифоқ” сўзи ишлатилади. Чунки улар устидан оддий ерга ўхшагани билан ичи бўш, бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади. Агар бу маънони диний-ақидавий истилоҳда ишлатмоқчи бўлсак, сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка “мунофиқлик” дейилади.

Журжоний “Таърифот”да нифоқни “Тил билан имонни изҳор қилиб, дилдаги куфрни беркитишдир”, деб таърифлайди. Бу “катта нифоқ” деб аталади.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Уч нарса қай кишида бўлса, холис мунофиқ бўлур: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат ишонилса, хиёнат қилади. Кимда шу хислатлардан биттаси бўлса, уни тарк қилгунича нифоқдан битта хислати бўлади» (Имом Аҳмад). Бундай нифоқ амалий – “кичик нифоқ” деб аталади.

Мунофиқлик турли ахлоқий разолатларнинг уясидир. Риёкорлик, алдамчилик, хиёнат, ёлғончилик, иккиюзламачилик, ваъдага хилоф қилиш кабилар шулар жумласидан. Мунофиқлик ҳар бир умматнинг жисмини титиб юборадиган ижтимоий касалликдир.

Аллоҳ таоло мунофиқнинг амалини қабул қилмайди. Аллоҳ таоло мунофиқлар жаҳаннамнинг энг қаъридан жой олишларини таъкидлаб айтган.

Мўмин банда нифоқ ва унинг аломатларини яхши таниб олиб, улардан доимо четда бўлиш чораларини кўриши лозим. Жумладан, Аллоҳнинг зикридан, Қуръон ва шариатдан, аҳли суннат уламоларининг таълимотларидан узоқлашмаслиги керак.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 30 июлда эълон қилинган  142 марта кўрилган