Баланд терак дарахтининг ёнидан қовоқ униб чиқди. Ёз келгани сари теракка чирмашиб ўса бошлади. Ёмғирлар ва қуёш нурлари ёрдамида жуда тез бўй чўзди ва терак билан тенглашиб олди. Бир куни мағрурланиб сўради:

– Шунчалик ўсишинг учун неча ой керак бўлди?

– Ўн йил, – хотиржам жавоб берди терак.

– Ўн йил?! – дея мазахомуз кулди қовоқ. – Мен эса икки ойда сенга етиб олдим!

Терак эса бепарво: “Тўғри”, деб қўйди.

Кун ортидан кун ўтди. Кузнинг илк шамолиданоқ қовоқ совқотди. Япроқлари тўкилди, ҳаво совигани сари пастга қараб тушиб кета бошлади.

– Менга нима бўляпти? – хавотирланиб сўради қовоқ.

– Ўляпсан, – жавоб берди терак.

– Нега?

– Мен ўн йилда эришган даражага икки ойда етишга уринганинг учун.

Қиссадан ҳисса: меҳнат қилмасдан эгалланган марра муваффақият саналмайди. Осон қўлга кирган нарсанинг қўлдан кетиши ҳам осон бўлади.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 27 июлда эълон қилинган  121 марта кўрилган