июл 25

Бу иллат қалб касалликлари орасида энг хавфлиси бўлиб, қалб учун айни ўлимдир. “Куфр” сўзи араб тилида “бир нарсани беркитиш ва тўсиш” маъносини беради.

Куфр икки хил маънода ишлатилади. Биринчиси – имоннинг зидди. Мисол учун, “Аллоҳга эмас, бут-санамларга ибодат қилди”. Иккинчиси – шукрнинг зидди. Мисол учун, “Фалончи куфрони неъмат қилди”. Яъни, ўзига берилган неъматга шукр келтирмади, нонкўрлик қилди.

Имоннинг зидди бўлган куфр жаҳаннамга олиб борувчи гуноҳдир. Шукрнинг зидди бўлган куфр (нонкўрлик)ни аксар уламолар катта гуноҳлардан санаган.

Имоннинг зидди бўлган куфр асосий ҳисобланади ва унинг таърифларидан бири қуйидагича: “Куфр оят ва ҳадисларда қатъий далил билан собит бўлган ҳукмларни нарсани ёки улардан баъзисини қасддан инкор қилишдир”.

Куфрнинг хатарини англаб етиш учун Қуръони каримда унинг ёмонлиги 311 дан кўп оятда зикр қилинганини эслаб ўтиш кифоя.

Шундай экан, мўмин киши куфрга тегишли катта-кичик нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақлангандек сақланиши лозим.

Шу ўринда яна бир эслатма: ҳеч қачон бир мусулмонни кофирликда айблашга шошилмаслик керак. Уламоларнинг таъкидлашларича, бир мўминда кофирликка далолат қиладиган 99 сифат  бўлса-ю, мўминлигидан дарак берадиган биргина сифати бўлса, ана шу битта сифатига бинонан уни мўмин деб ҳисобланади. Мана шу аҳли сунна вал жамоанинг йўлидир.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 25 июлда эълон қилинган  156 марта кўрилган