июл 19

Худоё, Сендан ёмонлик келмас ва мендан яхшилик, Сен яхшисан ва мен ёмон. Ҳар кимнинг ўзига муносибдир қилиқ. Тикан иши санчилмоқ учун, унга оташ керак, баҳор файзи омма учун, унга гулдан суҳбатдош керак.

Худоё, тупроқдан элнинг кўзига қоронғулик етади ва қуёш ўз нури билан олам аҳлининг кўзини равшан этади.

Худоё, ҳар нима қилинса, бунда Сендан тақдир бор, бажо этгувчига адо этишда не тадбир бор?

Худоё, тақдир қилганингни қилмоққа не ихтиёр, қилмасман дейишга кимнинг ҳадди бор?

Худоё, агар тўғри йўлдан адашибман, аммо ҳидоятингга талабгорман ва агарчи дўзах ўтига тушгали яқинлашибман, аммо раҳматингдан умидворман.

Худоё, умидимни лутфу карамингдан йироқ этма ва раҳматингни халойиққа раво кўрганингда мени ҳам бу иноятингдан узоқ этма.

Худоё, агар Сен қўлимдан тутмасанг, ҳасса биру итнинг бўйнидаги таёқ бир ва агар парда тутувчи Сен бўлмасанг, ридо биру ва эшакнинг устига ёпиладиган тўқим бир.

Худоё, тоатингга ҳавасим бор, аммо нафсга қурбонман, ибодатингга эҳтиёжим бор, аммо ишққа гирифтор – телба жонман.

Худоё, мен тавба қилдим деганимдан, не фойда? Сен тавба бергинки, тавбаларни бергувчи ҳам, қабул қилгувчи ҳам, ибодат қилингувчи ҳам Ўзингсан!

Худоё, намозки, одамлар кўрмаса, ўқимайман, бу ўзимни кўз-кўз қилмоқдир ва бу намоз учун кийганим – ҳирқа ва ридо ҳам аслида  ясанмоқдир.

Худоё, бу намойиш ва оройишдан кўнглимни озод қил ва бу каби шайтон либосидан тани вужудимни қутқару обод қил.

Худоё, тоатга розилик берсанг, риёдан асра ва ибодатга йўл кўрсатсанг, хатодан асра.

Худоё, шундай тоатки, манманлик келтирса, кўнглимга яқинлатма ва агар шундай гуноҳки, узрга етакласа, тилимдан йироқ тутма.

Худоё, бедаво дардга дучор қилма ва мурувватсиз номард олдида қулингни хор қилма...

Алишер Навоий

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 19 июлда эълон қилинган  81 марта кўрилган