Бувам ёймачи-баққол эдилар. Ёшлари бир жойга бориб қолганига қарамай, Худо берган куни каллаи саҳарлаб бозорга йўл олардилар. Қариндош-уруғларининг қатъий эътирозларига қарамай, юмушларини қўймасдилар.

Уялмай қўяқолларинг, мен ишдан тўхтасам, ўлиб қоламан. Аллоҳга шукр, фарзандларим топарман-тутарман, меҳрибон, рўзғорда камчилигим йўқ. Лекин имконияти қадар ҳар бир одам тирикчилигини ўзи ўтказиши керак, – деб айтар эдилар.

Ўқишдан кейин бозорга бориб у кишидан хабар олардим, дам олиш кунлари эса кун бўйи бирга бўлардик. Бувам доимо: «Ҳалолидан қўймасин, текини барибир тешиб чиқади», деб кўп такрорлардилар.

Саккиз ёшларда бўлсам керак, бир куни йўлдан уч сўм пул топиб олдим. Бувам ҳам кўрдилар: «Чўнтагингга солма, олиб бориб бирорта муҳтожга бер», дедилар. Шу пайт рўпарадан келаётган уч-тўрт маҳалладош кишилар бувам билан сўрашиб кетишди. Мени болалик қилиб, пулни чўнтагимга солдиму... унутдим.

Уйга кечқурун қайтдик. Бувам хуфтон намозини ўқиб, бироз ҳордиқ чиқазганларидан сўнг савдодан тушган пулни санай бошладилар. Ўргансин деб мени ҳам ёрдамга чақирдилар. Ҳар доим икки марта санайдиган одам бу гал уч марта санадилар. Лекин кўнгиллари тўлмади.

– Ўғлим, негадир пул анча кам чиқяпти, қани, яна бир сана-чи, – дедилар.

Санадим, натижа бир хил эди. Кўзойнаклари устидан менга синчиклаб қараб: «Сен ҳеч нарса олмаган эдингми?»  деб сўрадилар.

– Йўқ.

– Нега бўлмасам кам чиқяпти? – деб хаёл сурдилар.

Мен хижолат бўла бошладим. Шу пайт бувам:

– Тўхта-чи, эрталаб топиб олган пулингни нима қилдинг? – деб сўраб қолдилар.

Секин чўнтагимдан пулни чиқардим.

– Мана, ёнимда.

– Мен нима деган эдим?

– Эсимдан чиқиб кетибди.

– Эй бўтам, текин топилгани тешиб чиқади барибир. Мана, касри бугунги савдомизга урибди. Тез фалончи қўшнига чиқариб бер-да, тавба қил, – дедилар синиқ оҳангда.

Омонуллоҳ Мутал

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 18 июлда эълон қилинган  60 марта кўрилган