Бола учун ота-онасининг нима ҳақида эмас, қандай оҳангда гапириши муҳим. Агар фарзандингиз сизни индамай эшитаётган бўлса, бекорга овора бўлаяпсиз демак. Шундай қилингки, у ҳам бемалол ўйлари, туйғуларини сиз билан ўртоқлашсин. Зинҳор гап қайтаряпти деб ғазабланманг. Болалар билан келишишнинг энг яхши йўли уларга яхши ният билан яқинлашишдир.
Болангизга тўғри маълумот беринг. Эринаётганингизни “Барибир тушунмайди”, “Унинг яхшилиги учун шундай қиляпман”, каби баҳоналар ортига беркитишга уринманг.
Хатоларини юзига солавериш билан яхши натижага эришаман деб ўйламанг. “Тишларингни тозала”, “Қўлларингни юв”, “Жойингни йиғиштир”, дейишнинг ўзи кифоя эмас. Бу ишларни бола билан бирга қилиш ва уни рағбатлантириш, мақтаб қўйишни ҳам унутмаслик мақсадга мувофиқдир.
Фарзандингизни тингланг. Шунда унинг ҳис-туйғулари ва муаммоларини ўрганиш имконингиз кўпроқ бўлади.
Уни хафа қилган ҳар бир воқеадан кейин, охири қандай бўлганини сўраб, хулоса чиқаришига, тажриба орттиришига ёрдам беринг. Ўша аснода у билан асло тортишманг. Кейинроқ, туйғулари босилганидан кейин насиҳат қилинг. Фарзандингиздан ўзингизга душман ясашни хоҳламасангиз, хатога йўл қўйганида, муваффақиятсизликка учраганида, “Ана, айтмагандим?!” дейишдан ўзингизни тийинг.
Жанжаллашмасдан, бақириб-чақирмасдан ҳам ноҳақликларга қарши чиқиш мумкинлигини кўрсата олинг. Бир нарсани айтаркан, эътибор билан, юзига қараб эшитинг. Керакли эканини билиб, ўзига ишончи ортади. У билан атай ўчакишманг. Юмшоқлик билан “Мен бундай деб ўйламайман”, денг ва бошқа гапирманг.
Фарзандингизнинг бир ишидан хурсанд бўлганингизда, буни сабаби билан бирга билдиринг. Унутманг, яхши дўстликлар биргаликда баҳам кўрилган қувончлар билан мустаҳкамланади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 15 июлда эълон қилинган  94 марта кўрилган