Динимиз – инсонпарвар дин. Бизга ота-онамиздан ҳам меҳрибон Парвардигоримиз ҳеч қачон тоқатимиздан ташқари нарсани, имконимиз етмайдиган вазифани юкламайди. Бинобарин, исломда ҳар бир банданинг имкониятлари ҳисобга олинган. Шунинг учун Аллоҳ йўлида катта-катта маблағ сарфлаётган бадавлат кишини кўриб, маъюс бўлманг! Сизнинг бунга қодир эмаслигингизни имконларни ато этувчи Раззоқ Эгам кўриб-билиб турибди. Сиз учун ана шу саховатли бой билан тенг ажр олишингизга боис бўладиган бошқа амаллар бор.
Тирикчиликнинг оғир юки сабаб тез-тез нафл рўзалари тутолмаганингиздан диққатмисиз? Кўп ҳам қайғурманг! Парвардигор сизга ҳам ўша рўзадорларнинг ажрига тенг савоб олиш йўлини кўрсатиб қўйган.
Ҳукамолар бундай дейишган: “Саккиз амал борки, уларни қилиб юрган одамнинг тақвоси ортади ва Аллоҳнинг муқарраб бандалари қаторидан жой олади. Ким ўша амалларни бажаришга қодир бўлмаса, уларнинг ўрнига ушбу саккиз ишни қилсин.
 
1. Ким қиёмул лайл, яъни кечаси билан намоз ўқиб чиқишга қодир бўлмаса-ю, шу амалнинг савобига эга бўлишни истаса, кундузи гуноҳ қилишдан тийилсин. Кундузлари гуноҳу маъсиятдан ўзини тийиб юрган одам кечаси ухламасдан ибодат қилиб чиққан билан тенг савоб олади.
 
2. Ким нафл рўза тутиб, унга бериладиган беҳисоб ажрларга эга бўлишни орзу қилса-ю, уддасидан чиқолмаса, тилини тийсин. Тилини ғийбат, ёлғон, бўҳтон, хуллас, гуноҳ сўзлар айтишдан сақлаган одам ўша куни нафл рўза тутганнинг савобига эга бўлади. 
 
3. Ким олимларга бериладиган даража ва савобга ҳавас қилса-ю, илм ўрганишга қодир бўлмаса, Аллоҳ таолонинг неъматлари, яралмишлар ҳақида фикр юритсин, тафаккур қилсин. Зеро, мусулмоннинг гапирган гапи зикр, жим туриши фикр бўлиши керак.
 
4. Ким Аллоҳнинг йўлида юрганларнинг ажрига етишмоқчи бўлса, уйида ўтирган ҳолида шайтон билан курашсин.
 
5. Ким Аллоҳнинг йўлида садақа қилиб, савоб олмоқчи бўлса-ю, қурби етмаса, эшитган тўғри, фойдали илмини бошқаларга етказсин.
 
6. Ким ҳаж қилишнинг ажрига эга бўлишни истаса-ю, бунга имкони йўл бермаса, жумани ўзига лозим тутсин. Зеро, жума кунларнинг улуғи ва мискин-камбағалларнинг ҳажидир.
 
7. Ҳақиқий обидлар даражасига етмоқчи бўлган киши одамлар орасида гина-кудурат, адоват тарқатмасин, фитналар, тортишувларнинг олдини олсин.
 
8. Ушбу яхшиликларнинг, савоби ва даражаси улуғ амалларнинг ҳаммасига бирдан эришмоқчи бўлган одам ўзига яхши кўрган нарсани ўзгага ҳам илинишга, ўзига раво кўрмайдиган нарсани мўмин ака-укасига ҳам раво кўрмасликка қатъий қарор қилсин. Зеро, “Киши ўзига яхши кўрган нарсани мўмин биродарига ҳам раво кўрмагунича комил мусулмон бўлмайди”, деган мазмунда ҳадис бор.
 
Содиқ Носир тайёрлади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 14 июлда эълон қилинган  110 марта кўрилган