(Халқни мавжуд тузумга қарши гиж-гижловчи ва инқилобий ҳаракат ташвиқотчилари бўлмиш иғвогар хаворижларга холисона раддия)
 
Ватанимиз ўз эркига эга бўлиб, тараққиёт сари жадал одимлаб борар экан, атрофда халқимиз тинчлиги ва равнақига чидай олмайдиган ёвуз кучларнинг ҳам ҳаловати йўқолиб бор-япти. Парокандалик чиқариш ниятида турли-туман бўлмағур иғво тарқатиб, аҳолимиз орасида фитна қилишмоқда. Интернетдаги махсус сайтлари, ижтимоий тармоқлар, маркази чет элларда жойлашган радиолар орқали халқимизни давлатга қарши қўзғаш мақсадида ёлғон миш-мишлар тарқатишмоқда. Халқ ичида норозилик кайфиятини пайдо қилиш учун гоҳ юрт раҳбарларини ёмонотлиқ қилишга уринишса, гоҳ халқни очиқчасига инқилобга чорлашади. Минбарда туриб жамоатни итоатга чақирган имомлар ва бошқа аҳли илмларни эса “сарой уламолари”, “куфр малайлари” деган бўҳтон билан айблаб келишяпти. Жирканч мақсадларига етиш учун Қуръон ва ҳадисларни тескари талқин қилишдан ҳам тап тортишмаяпти.
Мусулмон раҳбарга қарши исён кўтариш шариатимизда жиддий жиноят бўлиб, истилоҳда “боғийлик” дейилади ва ундайлар ўлса, ҳатто жаноза ҳам ўқилмайди. Бу иғвогарлар эса боғийликни “жиҳод” деб талқин қилмоқда. Ақидавий қарашлари шаклланмаган баъзи ғўрлар эса “Исломда шундай экан”, деган пуч тушунча билан уларга алданиб қолмоқда. Ҳа, минг таассуфки, орамизда уларнинг тўрига илиниб онги заҳарланганлар учраб турибди. Бунга раҳбарлар ҳақига салоҳият, яхшилик сўраб дуо қилинганда ғаши келиб, ичидан ижирғаниб ўтирадиган ношукр кимсаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда ҳам бу мавзуни қизитиб, аҳли илмлар шаънига нолойиқ сўзлар тарқатувчилар ўзингизга ҳам маълум бўлса керак. Мавжуд ҳукуматга итоатда бўлишни “ғайриисломий”, деб тушунувчи ўша кимсалар ўзларини гўёки адолатпарвар, исломга тўлиқ амал қилувчи комил мусулмон қилиб кўрсатишади. Оддий авомдан ва ҳатто баъзи зиёлилардан иборат айрим қизиққонларнинг ўша фитначиларни қўллаб-қувватлаши эса, уларнинг шариатмизда айни шу мавзу билан боғлиқ аҳкомларни мутлақо билмаслигидан далолат беради.
Демак, ислом таълимотида фуқаронинг раҳбарга муносабатини ўрганиш ва бу ҳақда имкон қадар ўқувчиларга маълумот бериш – бугуннинг долзарб вазифаларидан бири экан.
Инсон ва жамият ҳаётининг барча тармоқларини қамраб олувчи мукаммал шариатимизда оддий фуқаронинг раҳбарга қай йўсинда муомала қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Аҳли суннат ақидавий йўналишида бош матнлардан ҳисобланмиш “Ақидатут-Таҳовия”да бундай ёзилган: “Имомларимиз, бошлиқларимиз агар зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳақига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз” (Имом Таҳовий).
Тинч аҳоли томондан қонуний йўл билан сайланган ҳукумат раҳбарига, ҳаттоки у жабр қилса ҳам итоат қилиш, унинг амридан бўйин товламаслик лозим бўлади. Балки, раҳбарга бўйсуниш ақидамизнинг аслий муҳим масалаларидан биридир!
Раҳбарга қарши исён кўтариш аслида хаворижларнинг мазҳабидир. Хаворижлар ҳазрати Али (р.а.)нинг раҳбариятини тан олмай, у кишига қарши чиқиб, тарихда исён бидъатига асос солган биринчи тоифа бўлган. 
Бугунги кунда бутун дунё бошига ташвиш бўлиб турган ИШИД жангарилар тўдаси, ва умуман, сиёсий раҳбарларга бўйсунишдан бош тортиб, исёнчилик тарафдори бўлган барча дин ниқобидаги оқимларнинг ҳаммаси «хавориж» номи остида бирлашади.
«Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этинг!» (Нисо, 59).
Ояти каримадаги “бошлиқлар”ни кўплаб муфассирлар давлат раҳбарлари кўзда тутилган, деб тафсир қилишган (Суютий).
«Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: қулоқ солинглар ва бўйсунинглар! Гарчи сизларга боши майиздек ҳабаший ҳоким этиб тайинланган бўлса ҳам» (Бухорий ривояти).
Шунга кўра, айта оламизки: ҳокимиятни бошқариб турган раҳбарга итоат масаласи худди Аллоҳ ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га итоат қилиш билан тенг туради.
Аҳли суннат ақидавий мазҳабида фуқаро ва раҳбар муносабати билан боғлиқ муҳим масалалардан яна бири халқ ўз бош-лиғи ҳақига яхшилик тилаб дуо қилиши ва имкон бўлганда унга панд-насиҳат қилиши, ўзи учун хоҳлаган яхшиликни раҳбарига ҳам илинишидир.
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Дин насиҳатдир!” Биз: “Ким учун?” дедик. У зот: “Аллоҳ учун, китоби учун, расули учун, мусулмонларнинг бошлиқлари учун ва оммаси учун”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳадиси шарифдаги «мусулмонларнинг бошлиқлари учун» иборасини Имом Нававий бундай изоҳлаган: «Мусулмонларнинг бошлиқларига насиҳат қилиш – ҳақ ишда уларга кўмаклашмоқ ва итоат қилмоқ, уларни ҳаққа чақирмоқ, юмшоқлик ва ширинсуханлик билан уларга эслатмалар бериб турмоқ, мабодо уларга мусулмонларга тегишли ҳақ-ҳуқуқлар етиб келмаган бўлса, буни билдирмоқ, уларга қарши чиқмаслик, одамларни уларга итоат қилишга чақирмоқдир».
Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, оддий фуқаронинг султонга насиҳати ҳеч қачон жамоатчиликка ошкор қилинмайди. Насиҳат қилиш имкони бўлса, подшонинг ёлғиз ўзигагина айтилади. Насиҳат оммага ошкор бўлса, бунинг оқибати фитна бўлади. Халқнинг бирдамлигига путур етади. Шунинг учун аҳли суннат ақидасида подшога ошкора насиҳат қилишдан қайтарилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дейдилар: «Ким салтанат эгасига насиҳат қилишни истаса, бас, уни ошкора қилмасин. Балки унинг қўлидан ушлаб холи ерга ўтсин. Қабул қилса, жуда яхши, агар қабул қилмаса, у зиммасидаги ишни адо қилган бўлаверади» (Имом Аҳмад ривояти).
Бу ҳақиқатларни замонамиз хаворижлари яхши билиб олишлари шарт! Яна билиб қўйсинларки, уларнинг интернет ва ОАВ орқали мамлакат раҳбарларига қарши ташвиқотлари аҳли суннат вал жамоатнинг йўлига хилофдир!
Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин!
 
Ҳикматуллоҳ Иброҳимнинг 
шу номдаги мақоласидан қисқартириб олинди.
 
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 13 июлда эълон қилинган  33 марта кўрилган