Томпсон хоним 5-синфга дарс ўтиш учун кирган илк куни эди. Олдинги парталардан бирида уст-боши хароб, юзу қўллари кир ўқувчини кўриб: “Шу синфда ўқиркан-да”, деган ўй ўтди. Томпсон хоним Тедди исмли бу болани ўтган йили кузатган, бошқаларга қўшилиб кетолмаслигига, ҳамма нарсага лоқайдлигига ҳайрон бўлганди. Ўқувчилар ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқаркан, унга доир тавсифномаларни ўқиб ҳайрати янаям ошди. 1-синф ўқитувчиси бундай ёзарди: “Тедди жудаям зукко, доим кулиб туради. Топшириқларни тўлиқ бажаради, ахлоқи жуда яхши. Ўртоқлари шундай синфдоши борлигидан хурсанд”.
“Бундан ажойиб ўқувчи бўлмайди, – деб ёзарди 2-синф ўқитувчиси. – Ўртоқлари уни яхши кўришади. Фақат онасининг хасталигидан жуда қайғуради ва билишимча, турмушлари жудаям оғир...”
3-синф муаллимасининг ёзувида шундай жумлалар бор эди: “Онасининг ўлими Тедди учун оғир бўлди. Отаси у билан деярли шуғулланмайди. Чора кўрилмаса, уйидаги муҳит болага ёмон таъсир кўрсатади”.
“Тедди жуда одамови, сабоқларга бепарво, бирорта ўртоғи йўқ. Дарсларда ухлаб ўтиради”, дейилганди 4-синф ўқитувчиси берган тавсифномада. Томпсон хоним шу тарзда муаммо сабабларини ўрганди, энди унга ечим топиш керак эди...
Янги йил арафаси ўқувчилар чиройли қоғозларга ўралиб, нафис тасмалар билан безатилган ҳадялар олиб келишди. Ҳамманики қатори муаллима Томпсон Теддининг оддий қоғозга уқувсизларча ўралган совғасини ҳам болалар кўз ўнгида очди. Синфни кулгу қоплади: оддий тошлар билан безатилган, уларнинг ҳам уч-тўрттаси тушиб қолган билакузук ва ярмидан кўпи ишлатилган атир шишаси... Томпсон хоним билакузук унга жуда ёққанини айтиб, атирдан бир неча томчисини билагига томизиш билан кулгуларга барҳам берди. Дарсдан кейин Тедди келиб: “Бугун сиздан онамнинг ҳиди келди”, деди. Муаллима анчагача йиғисини босолмай ўтирди.
Шундан кейин у ўқиш, ёзиш, ҳисоб-китоб ўргатишдан ҳам кўра тарбияга кўпроқ эътибор қаратадиган бўлди. Айниқса, Тедди билан алоҳида шуғулланди. Натижада бола ўқув йилини энг яхшилар қаторида тугатди.
Бир йилдан кейин муаллима Томпсон Теддидан хат олди. “Сиз энг яхши ўқитувчисиз!” деб ёзилганди унда. 6 йилдан кейин келган иккинчи мактубда ёзишича, лицейни аълочилар сафида битирган эди. 4 йилдан кейин яна хат келди: “Университетда ўқиш осон эмас экан, яхши талаба бўлиш учун тинмай ҳаракат қиляпман”. Орадан 4 йил ўтди, бу галги мактубда Тедди университетни муваффақият билан битиргани, таҳсилни яна давом эттириш истаги борлигини ёзган, яна ўша жумлани илова қилганди: “Сиз мен учун ҳамон энг севимли муаллимсиз!” Имзо эса бу сафар бироз узунроқ эди: тиббиёт фанлари доктори Теодор Ф. Стоддард.
Тедди уйланаётгани, яқинда отаси ҳам вафот этгани учун куёвнинг ота-онасига ажратилган жойда муаллимасини кўриш истаги билдирилган мактуб Томпсон хонимни ҳам қувонтирди, ҳам йиғлатди.
Тўй куни келди. Муаллима Томпсоннинг ташрифидан боши осмонга етган Тедди унинг қўлида ўша ўзи совға қилган, тошлари тўкилиб кетган билакузукни кўриб юраги орзиққанича ташаккур билдирди:
– Ўзимга бўлган ишончни қайта уйғотганингиз учун миннатдорман. Шу даражага етишимда ёрдамчи бўлганингиз учун ҳам...
– Адашяпсан, Тедди, – деди хоним кўзларида ёш билан, – мен эмас, сен менга ўргатдинг. Сени учратгунимгача ўқитувчилик нима эканини билмаган эканман. Аслида энг яхши муаллим сен экансан!
 
Зилола Суярова тайёрлади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 11 июлда эълон қилинган  41 марта кўрилган