июл 08
Бир киши ҳикоя қилади: «Умримда ҳеч унутмайдиган сабоқларни асло кутмаган пайтларимда олдим. Илк дарсни овчи берди. Ўрмонда кетаётиб адашиб қолдим. Бир одамни учратдим, менга жой беришини сўрадим. У эса овчи экани ва кулбасидаги ночор шароитга кўнсам, қолишим мумкинлигини айтди. Шу бўйи бир ой қолиб кетдим. Мезбон ҳар куни эрталаб бир пайтда чиқиб кетарди. Қайтганида: “Ишларинг қалай бўлди?” деб сўрардим. У эса: “Бугун овим юрмади, аммо эртага яна уриниб кўраман. Яхши бўлишига ишонаман”, дерди. Умидсизликка тушмасди. Шу ҳолати билан менга: “Бугун бўлмаса, эртага албатта мақсадимга эришаман”, дея ўйлашни ва шунга кўра ҳаракат қилишни ўргатди.
Иккинчи ўқитувчим... балки сизга эриш туюлар – бир ит бўлди. Сув бўйида сайр қилиб юргандим. Чанқоғини қондириш учун келган итни кўрдим. Ўз аксини кўриб қўрқиб қочди. Бироқ ташналик зўр келди чоғи, ортига қайтди. Қўрқувини енгиш учун ўзини сувга отди. Тўйгунича ичди. Кучукдан ўрганганим шу бўлди – қўрқувларга енгилиб, ортга қайтма, қўрқувнинг устига бостириб бор!..
Учинчи сабоқни бир ёш бола ўргатди. Қўлида ёниб турган шам кўтариб борарди. “Нур, олов қаердан пайдо бўлганини биласанми?” деб сўрадим. У шамни ўчирди, кейин: “Мана, энди ҳеч қандай шуъла йўқ. Сиз айтинг-чи, нур қаерга кетди?” деди. Боланинг қўлидаги шамга боққанча, бир сўз деёлмай қолдим. Ундан ўрганганим: одам ўзини ҳаммадан ақлли ҳисобламаслиги керак экан».
 
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 8 июлда эълон қилинган  128 марта кўрилган