Автобус шоҳбекатда турарди. Одам сийрак. Ёши ўттизлар атрофидаги, уст-боши ўртамиёна бир эркак шошмайгина чиқди-да, қаттиқ қоғозга қинғир-қийшиқ қилиб ёзилган матнни кўксига тираганча ўтирганларга бир-бир қараб чиқди. У илтижоли жилмаяр, имо-ишоралар билан ўзининг гунглигини англатишга уринарди.
Ялинчоқ табассумидан юрагим ачишиб, қандай қилиб пул узатганимни билмай қолдим. Лекин бу тиланчи сургина чиқиб қолди: ҳар бир одамнинг қошига бориб юзига энкайиб қарар, кўзларини пирпиратар, ўгирилиб турганни аста туртиб ўзига қаратарди.
Иши битгач, бир сакрашда тушиб нари кетди. Шу заҳоти бир аёл “портлади”:
– Эркак бўлмай кет! Уялмай хотинларни турткилаб пул сўраяпти-я.
Қолганлар ҳам унга жўр бўлишди:
– Бундан кўра бозорда арава судраса, нони ҳалол бўлади.
– Ўзини соқовга солишини қаранг! Туппа-тузук забони бор, ўз қулоғим билан эшитганман!
– Пул бермаслик керак. Садақа беравериб, танбалларни ўзимиз кўпайтиряпмиз.  
Охирги гап худди айнан менга айтилгандек, бошимни эгиб олдим. Нима қилай, раҳмим келди-да...
Ўша куни ҳар иккала ишхонамда иш дегани қайнаб кетди, унисидан чиқиб, бунисига югурдим. Тушлик пайти эди, йўл-йўлакай енгил тамадди қилиб олишим керак. Бозорни кесиб ўтяпман, ҳар қадамда емакхона. Димоғимга “гуп” этиб кабоб ҳиди урилди. Иштаҳанинг танобини тортганча ўтиб кетдим: “Бунгача ҳали анча меҳнат қилишинг керак!”
Рўпарадаги юпқахона томон буриларканман, бир одам кўзимга таниш кўринди. Эътибор билан қараб, қадамларим беихтиёр секинлашди. Ташқаридаги жойлардан бирида эрталабки тиланчи яйраб кабоб еб ўтирар, дастурхонда яна анчаси буғланиб турар, шакаробу шарбатлари ҳам жойида эди... Азбаройи ҳузур қилганидан кўзлари ярим юмуқ, дунё билан иши йўқ. Энди унинг қиёфасида бояги аянчдан асар ҳам қолмаган, бутун борлиғида мамнуният зоҳир эди. 
Ўзимга раҳмим келди...
 
Гулчеҳра Асронова
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 7 июлда эълон қилинган  157 марта кўрилган