Қуръонда зикр этилган мевалар инсон саломатлиги учун фойдали эканини замонавий тиббиёт ҳам тасдиқлайди. Қуйидаги маълумотлар ҳам сўзимиз исботидир.
 
Хурмо. «Ерда бир-бирига ёнма-ён, бўлак-бўлак (унумдор ва унумсиз) ерлар, узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаган ва шохламаган хурмолар бўлиб, (ҳаммаси) бир сув билан суғорилур...» (Раъд, 4).
Хурмо кам калорияли мева ҳисобланади. Бироқ, 50 фоизи глюкозадан иборат. Шу боис жуда тўйимли. Саҳрода яшовчи араблар учун хурмо иккинчи нондек бўлиб қолган. Хурмода юракка фойдали минерал ва тузлар бор. Хусусан, организмдаги кислота меъёрини сақлашда, иммунитетни оширишда ҳамда камқонликнинг олдини олишда керак бўладиган мис, темир, магний, рух, марганец, калий, натрий, бор каби қатор зарурий моддаларга бой. Қанд касали бор беморларга фойда берадиган, қонда глюкоза миқдорини яхшилайдиган, углеводлар ҳазмига кўмакчи аминокислота моддалари, Б, А, С, В5, В3 витаминлари мавжуд. Булар 23 турдан ортиқ хурмода учрайди, бошқа ҳеч бир мевада йўқ.
Шунингдек, хурмодаги селен моддаси саратон касаллиги хавфини камайтиради, тўқима ва аъзоларда моддалар алмашувининг бузилишига, юрак қон-томир касалликларига, қон босимининг ошишига, тез толиқишга қарши самарали таъсир кўрсатади. Шу сабабли, Рамазон ойида хурмони мунтазам истеъмол қилиш тавсия этилади.
 
Банан. «...тизилган бананзорларда, ёйиқ соя (ости)да, кўплаб мева (узра)ки, (улар) туганмас ва ман этилмасдир» (Воқеа, 29).
Банан таркибида А, В1, В2, В9, С, Е витаминлар ҳамда темир, калий, кальций, магний, мис, натрий, фосфор ва рух каби минераллар мавжуд. Бу моддалар юрак ва қон томирлари склерози, камқонлик, қон босимининг ошиши, ичак касалликларини  даволашда самарали ҳисобланади. 
 
Анжир. «Қасамёд этурман анжир ва зайтун билан» (Тин, 1).
Анжир таркиби ҳазми тез глюкозалардан иборат бўлгани учун жисмоний ёки ақлий меҳнат сабабли сарфланган қувват қайта тикланишига ёрдам беради. Муҳим модда ҳисобланган кальцийга бойлиги билан мевалар орасида иккинчи ўринда туради. Биргина анжир қоқисида 7 фоиз калий, 6 фоиз кальций ва темир моддаси мавжуд. 
 
Узум. «Сўнгра Биз сизлар учун у (сув) билан хурмо ва узум боғларини пайдо қилдик...» (Мўминун, 19).
Узум таркибида темир, калий, глюкоза кўп. Асосан, қораси анча фойдали ҳисобланади. Унда буйрак, жигар ва қон айланиши фаолиятини яхшиловчи, мияни фаоллаштирувчи моддалар бор. Мутахассислар юрак қон-томири касалликларига чалинган беморларга узум ейишни маслаҳат беришади.
 
Зайтун. «Аллоҳ осмонлар ва Ернинг “нури”дир. Нурининг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дурдан яралган юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган муборак зайтун дарахти (мойи)дан ёқилур. Унинг мойи (мусаффолигидан), гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудекдир...» (Нур, 35).
Зайтун инсон организми учун жуда фойдали ҳисобланади. Қариш жараёнини секинлаштиради. Ошқозон шиллиқ пардалари яллиғланишига қарши самарали фойдаси бор. Дарахти баргларидан қон босимининг олдини олувчи дорилар тайёрланади.
 
Даврон Нурмуҳаммад
тайёрлади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 6 июлда эълон қилинган  146 марта кўрилган