Ҳикоямиз қаҳрамони ҳам бошқалар каби сафарга чиқди. Йўл-йўлакай кўзига учраган нарсалардан сотиб олар, баъзисини саранжомлаб, баъзиларини эса юкхалтасининг дуч келган ерига отиб қўярди. Аслида, хотимаси номаълум манзилни мўлжаллаб йўлга отланган бўлиб, узоқ йўлда кийимларининг оҳорини кетказиб у ёқ-бу ёқдан қўнаётган гардларнинг айримларига эътибор берса, қолганларига мутлақо бепарво кетарди. Сафари давомида кимлардир унга ола қарар, кимлардир ҳавас билан боқарди. Мақсади сари катта-катта одим отиб борар, ўзини виқорли тутишга ҳаракат қилса-да, ҳорғинлик борган сари таъсирини ўтказарди. Пешонасида ажинлар кўпаяр, кўзлари борган сари толиққанидан хиралашар, чарчоқ қоплаган вужудида ўқтин-ўқтин оғриқлар пайдо бўларди. Шу кўйи йўлида давом этар, вақт ўтгани сайин юклари оғирлашар, шунда ҳам ўз ҳолига ачинмасдан учраган нарсани хуржунига тиқишни канда қилмасди. Бора-бора вазни кўтариб бўлмас даражага етганидан букчайиб қолар, “юкхалта” деганимиз катта-катта қанорларга айланарди. Атрофдагиларнинг раҳми келар, эшиттириб койиб қўяр, баъзан мусофирнинг ҳикояси ғийбатга айланган чоғда унинг қопидаги энг кераксиз матоҳлар негадир доноларнинг ашёлари орасига ўтиб қоларди. Ваҳоланки, дашном берувчилар ҳам елкаларида буникидан кам бўлмаган жомадонлар, тикиб ямалган, ичлари лиқ-лиқ қанор қоплар ортилган ҳолда кетиб боришарди. Кимнингдир йўловчилиги енгилроқ ўтар, кимникидир хижилликда кечарди. Замон чархи айлангани сари навбати билан одамлар сафари охирлаб борар, кимдир юки оғирлигидан йиқилиб қолар, доналаб йиққанларини ҳовучлаб сочиб юборарди. Йиқилганни кўриб бири ачинган, бири ҳавас ёки ҳазар қилганлар ҳам йўл ниҳояси борлигини билар, шунда ҳам дорулбақонинг текин чиптаси “ҳадя” қилингунига қадар хуржунларига у-буни тиқиб боришарди...
Ҳикоямизнинг шу еригача тингловчиларнинг оромини “У ким экан?” деган савол бузар, камина-ровийдан эса “У Мендирман, балки Сиздирсиз?..” деган фикр ўтарди.
 
Салим Айюбий
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 4 июлда эълон қилинган  194 марта кўрилган