Фикрни жамлолмаслик ёки бирор нарсани қаергадир қўйиб, кейин тополмаслик кўпчиликка таниш ҳолат. Лекин, одатда, бунга кўп ҳам эътибор беравермаймиз. Бу эса ёшимиз ўтгани сари хотира билан боғлиқ муаммони чуқурлаштириши ҳеч гап эмас. Шундай экан, келинг, бу “носозлик”ни тузатишга ҳаракат қиламиз.
Хотира ва диққатни жамлашга ёрдам берувчи бир қанча усуллар бор. Уларни ётган ҳолда, яъни уйқудан уйғонгач, турмасдан бажарган маъқул. Машқларга 7–10 дақиқа вақтингиз кетади, холос.
Алифбодаги ҳарфларни кетма-кетликда айтиб чиқинг. Уларнинг ҳар бирига бирор сўз топинг. Мисол учун, а – айиқ, б – бодринг. Борди-ю, бирор ҳарфга сўз топиш учун 15 сониядан кўпроқ вақт кетганини сезсангиз, бу ҳарфни ташлаб кетинг ва кейингисига ўтинг.
Тескари саноқ: имкон қадар тезкорлик билан 100 дан 1 гача сананг.
Энди 20 та озиқ-овқат маҳсулотларини сананг (нон, бодринг, котлет, балиқ). Бир ҳарф билан бошланадиган 20 та сўз топинг ва уларни ҳам рақамланг 1 – телефон, 2 – тоғора, 3 – танга. Исталган чет тилида 20 гача сананг.
 
Бошқа усуллар
1. Тонгда тиш ювганда, оғизни узоқроқ – 5–10 дақиқа чайинг. Олимларнинг таъкидлашича, бу марказий асаб тизимига ижобий таъсир қилар экан. 
2. Қуритилган мевалар, газ печида пиширилган картошка ёки олма, димланган сабзи, шунингдек, творог ҳамда пишлоқ истеъмол қилиш мия фаолияти яхшиланишига ёрдам беради. Шунингдек, ҳар куни ейилган бир бўлак қора шоколад, зайтун ёғи аралаштирилган салатлар, бир ҳовуч кунгабоқар пистаси, ёнғоқ ҳам фойдали. Бу маҳсулотларни овқатланишлар орасидаги тамадди пайтида ейиш мумкин. Шунингдек, мабодо тушлик қилишга улгурмаган бўлсангиз ҳам улар сизга қўл келади. 
3. Хотирани мустаҳкамлашда занжабилли дамлама ҳам ёрдам беради: 10 гр. занжабилга 250 мл. қайнаган сув қуйилади. Ялпиз ёки лимонўтнинг бир неча баргини солиш ҳам мумкин. Бу ичимликни кунига 1–2 пиёла ичиш кифоя.
4. Шеър ёдлаш, чет тилларини ўрганиш ва бошқотирмалар ечиш ҳам самаралидир.
 
Манбалар асосида Акбаршоҳ Расулов тайёрлади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 3 июлда эълон қилинган  58 марта кўрилган