Шайх Саъдий айтади: “Нафаснинг ичкарига кириши бир неъмат бўлса, ташқарига чиқиши бошқа неъматдир. Демак, ҳар нафасда инсонга икки неъмат ҳосил бўлади ва ҳар бири шукрни тақозо қилади. Агар одам ҳар нафаси учун бир марта шукр қилса ҳам бу неъмат шукрини адо этолмаган бўлади. Шундай экан, бошқа ҳисобсиз неъматлар шукрини қандай адо қилсин?”
Аллоҳ таоло берган неъматларнинг шукрини тўлиқ адо этишга инсоннинг тоқати етмайди. Лекин кўп шукр қилиш маҳбуб амал, бунинг учун бисёр савоб берилади, неъматлар зиёда бўлади; банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида қиймати ортади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, Мени ёд этинг, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилинг, ношукрчилик қилманг” (Бақара, 152); “...Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).
Шукр қилувчи Аллоҳ таолога суюкли, ношукр эса номақбул бандадир. Чунки ношукрлик назари пастлик белгиси. Бундай одамга бироз машаққат етса, ўзи эга бўлган кўплаб неъматларни унутади, озгина қийинчиликдан ҳам нолиб, оғринади. Шукр қилувчи эса ҳар қандай кунида Аллоҳ таолога ҳамд айтади, қувончдан ҳам, қайғудан ҳам ҳикмат қидиради ва топади.
Ношукр касал бўлса, ўзини қаттиқ хорланган ва мазлум деб билади. Шикоят ва дағдаға билан соғлик сўрайди. Шукр қилувчи банда эса, касалликдан ғамгин бўлиш билан бир қаторда, саломатликда кечирган кунларини ўйлайди. Шифокор ва дориларни катта неъмат билади. Ўзидан ҳам оғир беморлар борлигини фикрлаб, улар учун дуо қилади. Хокисорлик билан шифо тилайди, исён кўтармайди.
Инсонни ношукрликка бошлаш – шайтоннинг энг биринчи ҳамласи. У ўз хоҳишини ошкор этиб, ҳамла режасини баён қилди: “Сўнг-ра, уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 17).
Демак, шайтоннинг энг катта мақсади бандаларни Аллоҳ таолога шукр қилишдан тўсишдир. Шукр қилувчи банда ҳушёрлиги боис шайтон алдовларига учиб, унинг қурбонига айланмайди.
Аллоҳ таоло берган неъматларнинг шукри У зот розилигига мувофиқ ҳаёт кечириш билан адо этилишига шубҳа йўқ.
Катталар кечаси ухлашдан илгари бир муддат Аллоҳ таоло неъматларини тасаввур қилиб, бирма-бир шукр айтишни ўргатишади. Яъни, бундай: “Алҳамдулиллаҳ, оилам, яқинларим саломат, алҳамдулиллаҳ, бошпанам бор, алҳамдулиллаҳ, ўрнимда тинч-осуда ётибман, алҳамдулиллаҳ, жоним, молим омонда”.
Шукр қилиш учун бирор лафз тайин қилинмаган. Ҳар бир инсон ўз билганича шукр айтади. Лекин, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан шундай тўлиқ лафзлар келтирилганки, биттаси минг марта шукр қилиш фойдасини беради. Масалан: “Аллоҳумма лакал ҳамду ъадада холқика ва мидаада калимаатика ва зината ъаршика ва ризо нафсика”. Маъноси: “Ё Аллоҳ! Сенга махлуқотларинг адади баробарида ва Сенинг сўзларинг сиёҳи баробарида, Сенинг Аршинг вазни баробарида ва Сенинг ризолигингга мувофиқ ҳамд бўлсин”.
Абдуллоҳ ибн Ғанном (р.а.)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Ким тонгда “Аллоҳумма маа асбаҳа бий мин неъматин фаминка ваҳдака, лаа шарийка лака, фа тилкал ҳамд, валакаш шукр”, деса (ўша) куннинг шукрини адо этибди ва ким шу дуони кечки пайт айтса, (ўша) кечанинг шукрини адо этибди».  Маъноси: “Ё Аллоҳ! Менга бирор неъмат етса, ёлғиз Ўзингдандир. Сенинг шеригинг йўқ. Сенга ҳамд бўлсин. Сенга шукр бўлсин” (Насаий, Абу Довуд).
 
Тошкент ислом университети ўқитувчиси
Абдулатиф Аллоқулов тайёрлади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 2 июлда эълон қилинган  250 марта кўрилган