Расулуллоҳ (с.а.в.) Маккадаги 13 йиллик нубувват даври интиҳосида ҳижрат қилиш учун Аллоҳ таолодан ваҳий олдилар ва кўчишга ҳозирлик кўра бошладилар. Ўзларига Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)ни ҳамроҳ қилдилар. Бу ҳижратда мени ажаблантирган шахс Абдуллоҳ ибн Урайқитдир. У Макка мушриклари динида эди. Набий (а.с.) уни йўл кўрсатувчи сифатида ижарага олдилар. Ҳақ сифатида иккита туяга келишишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Бакр (р.а.) билан Савр ғорига чиқиб кетишди. Уч кундан ке-йин Абдуллоҳ ибн Урайқит билан шу ғорда кўришадиган бўлишди. Макка мушриклари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг чиқиб кетганларини билгач, у зот ва Абу Бакрнинг тирик ёки ўлиги учун юзта(!) туя ваъда қилишди. Бу хабар ҳар тарафга ёйилди. Қочқинларни топиш ва юзта туяни қўлга киритиб, энг бой инсонга айланиш учун мушриклар орасида мусобақа бошланди. Ҳар ким ҳар тарафга от солди. Ҳатто бир гуруҳ мушриклар Савр ғори олдигача тимирскиланиб келишди. Аллоҳ таоло уларнинг назарларини пардалаб қўйди, ғор ичидаги зотларни кўра олишмади.
Абдуллоҳ ибн Урайқит-чи?
У ҳам юзта туя мукофоти хабарини эшитган эди. 
Ўзи мушрик ҳолдаги одам(!)
Йўл кўрсатувчилик вазифаси учун икки дона туя олади(!)
Буни ҳам Ясрибга бехатар кета оладиган йўлга чиқариб қўйгандан кейингина ола билади(!)
Йўл машаққати, ортларидан қувиб, излаб келаётган чавандозлар хатари ҳам мавжуд(!)
Абдуллоҳ ибн Урайқит Макка мушрикларидан бўлса-да, пул учун ўзи ишонмаган дин вакилини сотмагани, хиёнат қилмагани, бир кунда қавмининг энг бой одамига айланиши мумкин бўлатуриб, келишувни бузмагани кишини ажаблантиради!
Машҳур тарихчиларимиз бу одам кейинчалик ҳам мусулмон бўлмаганини айтишган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ва Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)га Ясрибгача йўл кўсатиб борган, эвазига икки дона туя олган ва кетар чоғида Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй Абдуллоҳ! Мусулмон бўлгин!” деганларида рад этиб, Маккага қайтиб кетган эди. 
Нақадар ҳайратланарли ҳодиса! Лафзига амал қилган, пул учун ваъдасини сотмаган бу инсонни бугунги кунда ўзини мусулмон дейдиган, аммо пул ўртага тушганида онасини ҳам сотиб, отасига сапчиб, яқин дўстининг юзига оёқ қўяётган айрим нусхаларга солиштирсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз! 
Дунё учун ерга қапишиб, яқин дўсти билан аразлашиб, қариндошлик алоқасини узиб юрганлар Аллоҳнинг адолати олдида қандай жавоб беришади?!
Сен билан биргаман, деб тилёғламалик қилиб, аслида хоинга тарафкаш бўлаётганлар хиёнатнинг аччиқ таъмини тотишганида бу дунё – қайтар дунё эканини тушуниб етишармикан?!
Эй мусулмоннинг шарафли исмини булғаётган шоқоллар!
Ё исмингизга муносиб бўлинг ёки номингизни ўзгартиринг!
Ахир, содиқликка ҳаммадан кўра биз мусулмонлар ҳақлимиз-ку! 
 
Улуғларга номдош бўлсанг-да, дарҳол 
Фахрланма дўстим, ҳовлиқма сира!
Бир Масиҳ Исодир, бир Масиҳ Дажжол,
Нақадар фарқ бор бу иккисида!
 
Аброр Мухтор Алий
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 1 июлда эълон қилинган  177 марта кўрилган