Курк товуғим ўлиб қолди. Қўшнимиз Эргаш бобонинг айтишича, парранда ўлати теккан эмиш. Ўзи яқиндагина сотиб олгандик. Адашмасам, илк бор курк бўлиши эди...
Янги инда ётсираб, тухумларини босмай қўйишидан чўчиб, катаги оғзини ўраб қўйдик. Қизиқишим ортиб, хабар олиш мақсадида қолдирганим махсус тирқишчадан кузата бошладим. Аввалига озгина бегонасираб, у ёқ-бу ёққа кўз ташлаб турди. Бошини гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга буриб, атрофга синчковлик билан қаради. Сўнг секингина инга жойлашиб, тухумларни бағрига олди.
Болаларим ҳам хурсанд, товуқнинг ҳар бир ҳаракатини қизиқиш билан кузатишарди. У ора-орада ўрнидан туриб, қарама-қарши томонга ўгирилиб олар, бу билан тўққизта тухумга ҳарорат бирдай етиб боришини кўзлар; қанотлари, тумшуғи ёрдамида айлантириб-тўғрилаб қўярди. Бу ақлсиз жонивор Яратганнинг амрига кўра бўлажак жўжаларига қайғураётгани мени ундан ибрат олишга ундарди.
Қўни-қўшнилардан паррандалар ўлатга чалинаётгани хабарини эшитганимиз учун курк товуғимизни бошқаларидан ажратиб сақлаётган эдик. Аммо тухум босганининг тўққизинчи ё ўнинчи куни бўлса керак, анча ўзгариб қолди. Дон емай, сув ичмай жим ётадиган қилиқ чиқарди. Олдин кимдир безовта қилса, патларини ҳурпайтириб ҳимояга шайланадиган она товуқ энди аҳён-аҳёнда бўғиқ овоз чиқарар, мунг босган кўзларигина яқинлашган кишини таъқиб қилишдан тўхтамас эди.
Орадан бир неча кун ўтиб, ичига хашак тўлдирилган махсус қутининг қирғоғига чиқиб қунишиб олди. Худди дунёга келиб улгурмаган полапонлари билан хайрлашаётгандек эди. Кўзларидаги маъюслик менга яқинларидан айрилаётган кишининг кўзларини эслатди. Шу туришида оналик вазифасини охиригача адо қилолмагани учун тухумни ёриб чиқишга улгурмаган жўжаларидан кечирим сўраётганга ўхшарди...
Тумшуғига дори томиздик. Аммо касаллик борган сайин кучаярди. Жониворнинг аҳволини кўриб эзилаётган болаларимга кўзёшимни кўрсатмаслик учун нигоҳларимни олиб қочаман. Бир пайт жон талвасасида типирчилаганча бўғиқ куркиллаб қўяётган товуқнинг тўшига кўзим тушди. Шўрлик кўксини ёпган майин патларини тумшуқлари ёрдамида юлиб, тухумлар тагига тўшаган экан. Юрагимни ачиштириб, томоғимни куйдириб ўтган йиғи шиддат билан кўзларимдан қуйилди; бу гал тўхтатиб қолишга кучим етмади. Гоҳ инда ҳимоясиз қолиб, аллақачон совиб улгурган тухумларга, гоҳ товуқнинг жонсиз жасадига қараб эзилардим... 
Ногоҳ “Бир кун...” деган фикр мудроқ босган хаёлларимни тўзғитиб юборди. Лаҳзада ақлим ёришиб, шууримда чақин чақнади. Болаларимга юзландим: кечаги шодликларидан асар қолмаган, руҳиятлари синиқ эди. Нигоҳларида савол изи: “Наҳот шунча тез?..”
“Шундай, ўлим биздан изн сўраб ўтирмайди, кутилмаганда келади”, деб айтишни истадим. “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир...” (Анкабут, 57) оятини ўқий бошладим, бироқ овозим чиқмасди...
 
Гулбаҳор Абдуллоҳ
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 30 июнда эълон қилинган  187 марта кўрилган