июн 25
– Ассалому алайкум. Кечирасиз...
Газеталарни тахлаб санаётган Холнисо дўконча туйнугидан ийманиброқ қараб турган одамга кўз қирини ташлаб, хуш­ламайгина алик олди.
– Кечирасиз, – деди яна ҳалиги одам малол келганини сезиб. – Шу атрофда яшайсизми? Айтмоқчиманки... бу маҳаллага яқинда кўчиб келганман, бир нарсани билмоқчийдим.
– Ҳа, сўрайверинг, ака, – қизиқ бир гап илинжида газета­ларни четга суриб унга юзланди аёл.
– Нима десам экан?.. Бирон камхарж оила бўлса, атаганим бор эди.  Кўп болалими, боқувчиси йўқми... Шунақа хонадонни топиб, эҳсон қилсам дегандим. 
Холнисо жуда одми кўринган кишидан бундай гапни кутмаган эди. Туйнук томон хиёл энкайиб турган эркакнинг ёқаси униққан костюми, ранги ўчган дўпписига бир назар ташлаб олди.
– Маҳалламиз катта, сиз сўрагандек хонадонлар ҳам йўқ эмас, – деди гап орасида иягини чўзиб, унинг қўлидаги катта халтага синчков қараб. Буни сезган эркак:
– Озиқ-овқат, озроқ пул... – деб қистириб қўйди. Кейин андак тўлқинланиб гапира кетди: – Биласизми, синглим, қаттиқ бетоб бўлиб, тўшакка михланиб қолгандим. Ўшанда, Худо раҳм қилиб оёққа туриб кетсам, бирон муҳтожнинг ҳожатини чиқаришни дилимга туккандим. Мана, шукр, эл қатори юрибман. Энди шугина эҳсонни эгасига топширсам, янаям енгиллардим.
– Ҳа-а, жуда яхши-да! Албатта, эҳсон қилиб туриш керак, – деди аёл бир оз ўйга толиб. Сўнг чапга қайрилган кўчага ишора қилди: – Ҳув анови, биринчи қавати яшилга бўялган уйни кўряпсизми? Охирги подъезднинг иккинчи қаватига чиқсангиз, эски ёғоч эшикли уй бор. Иккита ногирон болали оила, биттаси анчадан бери ўсал ётибди. Шуларни йўқласангиз, арзийди.
– Раҳмат, синглим, омон бўлинг!
– Эшиги бўялмаган. Иккинчи қават!
Холнисо, оғир юк залвориданми ёки хасталик асоратиданми сал оқсоқланиб бораётган кишининг ортидан қараб қолди. Кейин бирдан хаёлига қўшниси Адолатхон келди ва: “Аттанг! – деб юборди. – Ўшаникига жўнатиш керак эди!” Шундай деди-ю, миясига оғриқли савол урилди: “Ўзинг-чи? Ўзинг нега раҳм қилмадинг? Шу юпун, яримжон кишичалик ҳимматинг йўқмиди?”
Кўз олдига эрининг маъракаларидан кейин рўзғорга етказолмай, қарз сўраб чиққан қўшни аёлнинг музтар суврати келди. Кўп сўраган эмасди. Беш яшар эркатойига  планшет учун тўплаётган пулининг бир чеккасидан узатса, етарди. Йўқ, бермади. Нега? Бунга мажбур эмасди. Кейин... қачон қайтаришини ким билади? У бермаса, бошқа биров берар... Бу каби важлардан яна қанчаси бор! Бугун-чи, нега энди бировнинг садақасини қўшнисига илиниб қолди? Бу қандай мажбурият? Ё қутулиш чорасими? Мана бу одам-чи, нега уч кун ё бир ой кейин эмас, айнан бугун унга рўпара келди?..
Холнисо уйга кундагидан ўйчанроқ қайтди. Ўзгариб қайтди. Оқшом қўшниникига кеча сўралган миқдордаги пул билан чиқди. Қарз эмас, ёрдам деб, қўярда-қўймай қўлига тутқазди. Мушти­пар аёлнинг умидли нигоҳида ҳайронлик аломати зоҳир бўлди:
– Қўйинг, ахир кеча...
– Кеча йўқ эди. Бугун ғойибидан берди. Олинг, чин дилдан деяпман-ку!..
Уйига қайтаркан, қўшни аёлнинг дуолари кўнгил кенглик­ларида акс-садо берарди. Бугун унга “ғойибдан” берилгани аслида пул эмас, инсоф эканини билар, шундан руҳи енгил эди.
 
Гулчеҳра Асронова
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 25 июнда эълон қилинган  51 марта кўрилган