Алвидо, эй моҳи раҳмат, шаҳри ғуфрон, алвидо,
Айладинг азми сафар, бўлдук паришон, алвидо,
Афв қил нуқсонимиз, эй яхши меҳмон, алвидо,
Боиси савму салоту , хатми Қуръон, алвидо,
Алвидо, эй раҳмати Ҳақ, моҳи тобон, алвидо.
 
Бир неча кун хони эҳсонингга ҳожатманд эдук,
Ҳам салоту хатми Қуръонинг билан хурсанд эдук,
Банд эди иблислар, меҳринг-ла шаккарханд эдук,
Сан ато маънидаким, бизлар санга фарзанд эдук,
Тифл янглиғ айладинг бизларни гирён алвидо.
 
Ҳурматингдин кечаву кундуз дуо эрди қабул,
Ҳамду лиллаҳ, бизга бўлдинг хоси мероси Расул,
Келганингда шод этиб, кетгонинга қилдинг малул,
Гар ато азми сафар қилса қолур йиғлаб ўғул,
Тез кел қайтуб бизи қил шоду хандон, алвидо.
 
Шомдин илгори амр айлар малакларга Ғафур,
Бир қаранг бандамга олдинда таом, оби таҳур,
Бим этиб мандин емайким интизори шом эрур,
Ҳам таому обин устига тўкунглар пок нур,
Афв қилдим, қанча қилган бўлса исён, алвидо.
 
Ҳурматингдин ғарқи нур эрди бу жисму жонимиз,
Равшан эрди хатми Қуръонинг билан имонимиз,
Хаста эрдук, сандин эрди неча кун дармонимиз,
Алвидо, эй раҳмати Ҳақ, кўб эрур нуқсонимиз,
Журму исёнимни қил Ҳақ сўрса пинҳон, алвидо.
 
Ким сани борингда беҳад эрди эҳсону савоб,
Эмди хуш кет, то келунча бўлди аҳволим хароб,
Ким сани эъзоз этар, жаннат эгоси беҳисоб,
Хатм қилдим арзими, валлоҳу аълам бис-савоб,
Машрабингдин рози бўл, эй яхши меҳмон, алвидо!
 
Мухлис Намангоний
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 25 июнда эълон қилинган  77 марта кўрилган