Яхши тайёргарликсиз, уловсиз ўн бир ойлик сафарга отланган одамни тасаввур қилинг. Манзилга етиб келгунича уст-бошлари, бутун жисми хароб, ифлос ҳолга келади. Бизнинг Рамазон арафасидаги ҳолатимизни ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Лекин биздагиси аъзоларга ўрнашган кирдек эмас. Чунки юзу қўлларни ювсангиз, тоза бўлади. Бу – юрагимиздаги, ақлимиздаги, онгу шууримиздаги доғлар; давримизнинг энг тез тарқалувчи, юқумли касаллиги. Маънавий хасталик. Бундан қутулишнинг энг самарали йўли – ибодат. Ибодатлар эса шунчаки бажариладиган амал эмас, ҳар бири замирида илоҳий ҳикмат ва мақсад мавжуд. Рўза ҳам шундай. Бу ибодатга буюрадиган оят қуйидагича бошланади: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди...” Илоҳий амр ортидан рўзадан кўзланган мақсад очиқ-ошкор баён этилади: “...шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183). Демак, рўзадан кўзланган мақсад бандаларда тақво, масъулиятни ҳис қилишнинг доимий бўлишини таъминлашдир.
Инсон, энг олдин, нега дунёга келгани, нима учун яшаётганини билса ва шунга кўра ҳаракат қилса, Аллоҳ ҳузуридаги масъулиятини теран англайди. Бу, Қуръон ифодаси билан айтганда, тақводир. Рўза айнан тақвони шакллантирадиган, такомиллаштирадиган; ўн бир ой давомида тинмай парваришлаган жисмимизнинг озгина машаққати эвазига ҳорғин, оч руҳларимизни тўйдирадиган, қувватлантирадиган муҳим омилдир. Руҳи қувватлангани сари одамнинг шуури ёришади, қалб кўзи, кўнгил қулоқлари очилади; банда бу ҳолатда қилган ибодатлари билан Аллоҳ таолога яқинлашиб боради.
Рамазон – маънавий юксалиш фурсати. Яна, Қуръон нозил бўлган ой. Унга ойлар султони деган юксак мақоми берилишининг сабаби ҳам шу. Зеро, инсоннинг маънан ўсишида, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишида Қуръон билан яқинликнинг ўрнини бошқа ҳеч нарса босолмайди. Демак, Рамазон Қуръонни фақат тилимизга, қўлимизга, уйимизга эмас, кўнглимизга, юрагимизга жо этиш, ҳаётимизнинг ўзига айлантириш учун берилган имкон ҳам экан. Шундай бўлгач, Каломи шариф муқаддаслигини уйимизнинг энг баланд жойига осиш билан исботлашдан воз кечиб, Қуръоннинг бизни юксалтириши учун саъй қилишимиз зарур.
Рамазонни чиндан тақво, руҳан такомил топиш, Қуръон билан янада яқинлашиш ойи қилсак, биздан боргани дуо, Аллоҳдан келгани ижобат бўлгай. Биздан боргани сўров, Аллоҳдан келгани жавоб бўлгай. Ҳар намозимиз меърож, Яратгандан келгани қабул бўлгай, иншааллоҳ!
 
Дилдора Бобомурод қизи
тайёрлади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 24 июнда эълон қилинган  49 марта кўрилган