Дарслардан бирида Юнус ибн Абдул Аъло устози Муҳаммад ибн Идрис Шофиий билан бир масалада тортишиб, ғазабланган ҳолда уйига кетиб қолди. Оқшом Юнуснинг эшиги тақиллади. “Ким у?” деди. Ташқаридан: “Муҳаммад ибн Идрис”, деган жавоб бўлди.

Юнус ибн Абдул Аъло айтади: “Шофиийдан ташқари исми Муҳаммад ибн Идрис бўлган кишиларнинг ҳаммасини хаёлимдан ўтказдим. Лекин эшикни очсам, айнан устозим турган экан”.

Имом Шофиий унга: “Эй Юнус, юзлаб масалаларда ҳамфикр бўламиз-у, биргина масала орқасидан юзкўрмас бўлиб кетаверамизми?!” деди…

Қиссадан ҳисса:

Ҳар қандай тортишув, баҳсда енгиб чиқишга ҳаракат қилаверманг. Баъзида мавқеингизни сақлаб қолишдан кўра одамлар кўнглини топиш афзалроқлигини ўйланг.

Машаққат билан қуриб, устидан ўтиб келган кўпригингизни бузиб ташламанг. Эҳтимол, бир куни худди шу ердан ортга қайтишингиз керак бўлар...

Хато қилувчини эмас, хатони ёмон кўринг. Маъсият, гуноҳлардан нафратланинг, лекин гуноҳкорни кечиринг, раҳм қилинг.

Кимдир нотўғри гапирса, уни танқид қилинг, лекин ҳурматсизлик кўрсатманг, шахсига қарши танқидга ўтманг. Мақсад – касалликни йўқ қилиш, касални эмас.

Ғамга ботган киши олдингизга келса, уни эшитинг. Кимдир сиздан узр сўраса, кечиринг. Бир киши сизга муҳтож бўлса, ёрдам беринг.

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  1305 марта кўрилган