Яшарканмиз, тиним билмай ишлаймиз. Имкон қадар кўпроқ бойлик йиғишга ҳаракат қиламиз. Шароитимизни яхшилашга уринамиз. Оила қурамиз, бола-чақа орттирамиз. Булардан кўзлаган асосий мақсадимиз эса хотиржамлик, кўнгилга таскин олишдир. Бироқ кун ўтгани сари янги-янги эҳтиёжлар чиқаверади. Бу югур-югурларнинг кети кўринмайди. Уй жиҳозларини янгиласанг, девори кўчиб тушади. Битта болангга этик олиб берсанг, иккинчисига устки кийим олиш зарур бўлади. Эҳтиёжлар тугамайди, исталган ҳаловат ҳам йўқ. Демак, таскинни хато йўлдан қидиряпмиз...

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:   “...Огоҳ бўлинг, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур) (Раъд, 28). Демак, ҳаловат Аллоҳни ҳамиша ёд этишда экан...

Тил “Аллоҳу акбар” калимасини қайта-қайта такрорларкан, дил унинг буюклигини тасдиқлайди. Ёдингда турган Буюк қудрат сени гуноҳлардан қайтаради, яхшиликка ундайди.

“Субҳаналлоҳ” – “Ўзинг ҳар нарсадан поксан”, деган тил қалбни покликка чақиради. Натижа яна сенинг фойдангга – ҳам қалбинг сакинат ичида, ҳам бутун тананг покланмоқда!

 Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг марҳаматини кўринг, бизнинг зикр қилишимиздан беҳожат бўла туриб, неча ҳисса савоблар беради. Истиғфор айтайлик, ризқимиз ортади, зикр қилайлик, покланамиз. Энг асосийси эса, қалбимиз ҳаловат топади.

Ором, хотиржамлик истамаган қалб борми?! Унда севгимизга энг лойиқ Зот номини тилимиздан қўймайлик!

 Нигора Мирзаева

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  1273 марта кўрилган