Тўйчибой тўй қиладиган бўлди: суннат тўй...

“Сабзи тўғрар”га келган маҳалла оқсоқоллари “юз кило гуруч дамлаш шартми, ўзингизни қийнамай қўя қолинг”, деган эди, астойдил хафа бўлди:

– Нима, мен одаммасманми? Ўзимга яраша орзу-ҳавасим бор, улфатларим бор... Мен ҳам юртнинг ошини еганман...

...Шундай бўлди... Юз кило эмас, юз йигирма кило ош дамланди...

Тонг отмасдан ҳофизлар хониш қилди... Гурас-гурас одамлар келди...

Тўйчибой “юз йигирма кило ошнинг тагида бир капгир қолмаганини” гапириб юрди...

...Икки ҳафталардан кейин уйида қий-чув бўлиб қолди. Ўзи бақирган, хотини додлаган...

Ҳарқалай, қўшни... Чиқдим.

Қарасам, Тўйчибой ток сўри тагида турибди. Кўзлари бежо. Нуқул бир гапни такрорлайди: “Ўзимни ўлдирсам, қутуламанми? Ўлиб кетсам, қутуламанми санлардан?!”

Янга нарироқда шумшайиб турибди.

– Тўй қиламан деб бўғзимгача қарзга ботдим! – деди қўшним чинқириб. – Мени хонавайрон қилмоқчимисан?! Ўзимни ўлдириб қўя қолай!..

Янга мени кўриб бир қадар таскин топди, шекилли, эрини юпатди:

– Қўйинг, дадаси, ўзингизни босинг... – Кейин айвонга қараб мушт дўлайтирди: – Сан қиз ўлгурга қачон ақл киради-а?! Ман буни нонга чиқарсам, китоб обкебди!.. Ҳаҳ, ўша санга китоб ўқишни буюрган ўқитувчингнинг уйига ўт тушсин! Саккиз юз сўмгаям китоб оладими, жувонмарг?! Китоб санга ош билан нон бўлармиди, ер ютгур!

...Қўшнимнинг еттинчими, саккизинчими синфда ўқийдиган қизига энди кўзим тушди. Қизалоқ айвон устунига суяниб турар, кафти билан юзини тўсганча унсиз, ўкиниб-ўкиниб йиғлар эди...

Индамай чиқиб кетдим.

...Ростини айтсам, умримда биринчи марта... ўзбек бўлга-нимга уялдим...

Ўткир Ҳошимов,

Ўзбекистон Халқ ёзувчиси

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  1678 марта кўрилган