Пайғамбаримиз (а.с.)  бундай марҳамат қиладилар: “Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қиладилар, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сокинлик тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёдлайди” (Имом Муслим).

Аллоҳга тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш, ҳамд, шукр келтириш, дуо ва салавотлар айтиш, Қуръон, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот, садақот ва инфоқ ҳамда ҳаж, умра қилиш айни зикрдир.

Дил ва тил билан бажариладиган зикрлар, масалан, тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбир, Пайғамбаримиз (а.с.)га салавот ва дуоларни таҳоратсиз, жунуб, ҳайзли, нифосли ҳолда ҳам айтавериш жоиз. Йўлда юриб кетаётган ва ҳаммомда ювинаётган ҳолда зикр айтиш мумкин. Зикр айтувчининг оғзи ҳам пок бўлиши лозим. Агар оғизга нажосат, масалан, маст қилувчи ичимлик, гиёҳванд модда, нос ва бошқа нарсалар тушиб қолса, уни сув билан ювиб покламасдан туриб зикр ва дуо ўқиш макруҳдир.

Зикр ва дуо Аллоҳга тазарру бўлгани учун, қиблага юзини бурган, ҳақиқий муҳтож кишилардек, ялиниб-ёлворган ҳолда қилинса, ижобати яқинроқ, савоби улуғроқ  бўлади. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам зикр ва дуо жоиз эканига Қуръон ояти ва муборак ҳадисларда ҳужжат бор.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг 13 та сураси 16 оятида зикр-га буюради. Пайғамбаримиз (а.с.) айтдилар: «Эркак киши ярим тунда аёлини уйқудан уйғотса, икковлари ҳам икки ракат намоз ўқисалар, “Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар” қаторига ёзиладилар» (Имом Абу Довуд).

Зикр пайтида биров салом берса, бирор одамнинг акса урганини эшитса, имом хутба бошлаб қолса, муаззин азон айтиб қолса, бирор кароҳатни кўриб қолса, биров чақириб қолса, бировга ёрдам бериш кераклигини билиб қолса, уйқу ғолиб келса, шу ондаёқ зикрни тўхтатиб, зарур ишни бажариб олади, кейин жойига қайтиб келиб, келган жойидан давом эттиради.

Хулоса қилиб айтганда, зикр банданинг бирор ибодат ёки солиҳ амал билан машғул бўлганда Аллоҳ билан қалбан боғлиқлигидир.

Раҳматуллоҳ қори Обидов

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  1103 марта кўрилган