Бургут қоялар бағрига тўртта тухум қўйди. Қаттиқ зилзила бўлиб, улардан биттаси индан думалади, товуқ катагигача борди. Курк товуқ ўзиникилар қатори бургут тухумини ҳам бағрига олди. Вақти келиб тухум ёрилди, ундан бургутча чиқди. Товуқларнинг тарбиясини олиб катта бўлди ва табиийки, ўзини товуқ деб билди. Бир куни бургутча осмонда учиб ўтаётган бургутларни кўрди. Улар каби самода парвоз қилишни хоҳлади. Бироқ уринишлари зое кетиб, кулгига қолди. Ҳамкатаклари унга: “Сен товуқсан! Бургутлардек учолмайсан!” дейишди. Кичик бургутнинг умидлари пучга чиқди, маьюсланиб қолди. Шу тарзда товуқлар ичида яшаб ўтди...

Бу ҳикоядаги бургут ҳолига тушмай десангиз, ўзингиз ишонган салбий фикрлар асирига айланманг. Муваффақият осмонида парвоз этишни истасангиз, мақсадингизда қатъий бўлинг.

Сизни қўллаб-қувватламайдиганлар (худди товуқлардек) сўзига қулоқ тутманг. Аллоҳ таолонинг инояти билан кучингиз ҳам, тоқатингиз ҳам етарли эканига ишонинг.

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  970 марта кўрилган